Click to listen highlighted text!

Ҳаётхон Ортиқбоева 70 ёшда!  Сўз – улуғ ҳикмат

          Аёл – тилсим. Аёл – она, аёл – тарбиячи, аёл – устоз, аёл – рафиқа, аёл – раҳбар, аёл – ишчи. Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева тўғри таъкидлаганларидек “Сен муқаддассан, муқаддас аёл”. Аёл – гўзаллик, нафосатлилик тимсоли.

          1997 йилда “Инсон манфаатлари йили”, 1998 йил “Оила йили”, 1999 йил “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили”, “Соғлом она ва бола йили” – буларнинг барчаси қайсидир маънода аёлларга эътиборнинг давлатимиз томонидан эътирофидир.

          Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Муҳтарам Ислом Каримов “Аёлни улуғлаш – оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ демакдир”, – деган эдилар. Ҳақиқатдан ҳам аёл – жамиятни, ҳаётни давом эттирувчилари саналишади фақатгина буни ўзи эмас балки бугунги аёл давлат арбоби, ақлли, садоқатли оила бекаси, эрининг, фарзандининг яқин ёрдамчиси, ўқитувчиси, шифокорлари, мураббий-тарбиячиларидир. Бугунги аёл ташабускор, иқтидорли, адолатли, фаросатли, гўзаллик, нафосатлилик, фаросатлилик тимсолидирлар. Фарзандларни қандай инсон бўлиб вояга етиши хоҳлаймизми-йўқми онага боғлиқ. Агар она ўқимишли, ақлли, талантли, истеъдодли бўлса албатта болада онадаги энг яхши хислатларнинг барчаси мужассам бўлади.

          Ҳўш аёл ижодкор бўлса-чи? Аёлнинг кунлик юмуши икки баробар ортади. Аёл депутат, сенатор, раҳбар бўлса меҳнатни адоғи кўринмайди. Фақат барчасига улгуриши, вақт топа олиши керак бўлади.

          Ойниса Ортиқбоева барча-барчасига вақт топа оладиган ижодкор.

          Халқимизда “Кийган кийимига қараб кутиб олишади, ақлига қараб кузатиб қўйишади ”, деган гап бор. Инсонни  диди, фаросати, ақллилик даражаси, яшаш жойи, ёши, миллати, мижози, орзуларини кийинишига қараб билиб олиши мумкин эмас.

          Яқинда Гулистон шаҳридаги “Ёшлар  маркази”да Республикадан ташриф буюрган ҳамда вилоятда фаолият юритаётган ижодкорлар  йиғилишиб Ойниса Ортиқбоева таваллуд топган кунининг 70 йиллигини нишонладилар. Шунингдек, шоиранинг янги китоби – “Тонгда эсган насимман” шеърий тўпламининг тақдимоти ўтказилди.

           Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Мунаввара Усмонова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шарифа Салимова,  филология фанлари номзодлари, доцентлар Умрзоқ Ўлжабоев, Янглиш Эгамова, шоира Зулфия Мўминова  ва бошқалар  сўзга чиқишиб, Ойниса Ортиқбоевадаги диднинг баландлигини, нозиклигини, фаросатнинг жуда ўткирлигини, нафосатлилигини, нотиқлик санъатини пухта эгаллаганлигини таъкидладилар ҳамда қутлуғ сана муносабати билан эсдалик совғаларини топширдилар.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир шундай ёзади:

            Миллатнинг эртаси, миллатнинг насли,

            Сиз атир нафасли, сиз райҳон сасли,

            Кетмас бўлиб келган баҳорсиз асли,

            Мен офтобга алишмаган аёллар.

                                   Сизлар борсиз, сўзимизда садо бор,

                                   Сизлар борсиз, ишқ аҳлида гадо бор,

                                   Сизлар борсиз, минг бир дардга даво бор,

                                   Мен офтобга алишмаган аёллар…

          Назаримизда Маҳмуд Тоир шеърни Ойниса Ортиқбоевага бағишлаб ёзгандек туюлади. Чунки бугунги тарғибот-ташвиқотларни, турли тадбирларни барча-барчасини Ойниса Ортиқбоевасиз тасаввур қилиш қийин.

 Тадбирда сўзга чиққанлар Ойниса опанинг ижод йўли ҳақида тадбир иштирокчиларига сўзлаб бердилар.

            “Сирдарё ҳақиқати” газетаси Сирдарё вилояти ижодкорларини тарбиялайдиган, ижодига  оқ йўл тилайдиган, тоблантирадиган улуғ маскан ҳисобланади. Тўғри, Ойниса Ортиқбоева ўқувчилик йилларида ҳам шеърлар ёзган. Аммо ижод нималигини, шеърларини газетада босилган сонини соатлаб қўлида термилиб ўтириб хурсанд бўлиш гаштини фақат бошидан ўтказган билади. Ойниса Ортиқбоевани “Сирдарё ҳақиқати” газетаси тоблантирди, пишитди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Саъдулла Боқиев, “Сирдарё вилоят журналистларининг генерали” (Тўра Сулаймон) Саминжон Султонов катта олим, шоир, ёзувчи Ҳакимжон Халилов тажрибали журналист Холиқул Сагизов каби ўнлаб забардаст журналистлар Ойниса Ортиқбоевадаги иқтидорни, истеъдодни юзага чиқишига сабабчи бўлдилар. Ойниса Ортиқбоева узоқ йиллар редакцияда маданият бўлимида, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди. Натижада юзлаб ўқимишли мақолалари, туркум шеърлари босилди.

            Фалсафа фанида сабабсиз оқибат бўлмайди, деган гап бор. Ойниса Ортиқбоеванинг ижодкор, журналист сифатида танилишида “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг жуда катта хизмати бор. Чунки журналист ҳаммадан бир қадам олдинда юриши керак деган гап юради. Журналист бир жойда қотиб қолмайди қишлоқма-қишлоқ, туманма-туман юради, турли тоифадаги кишилар билан учрашувларда ва суҳбатларда бўлади, турли тақдирли инсонлар ҳақида турли мақолалар ёзади. Бу мақолалар фақат далилни ўзи билан ёзилмайди, балки ёзувчи бу воқеа-ҳодисаларга бадиийлик бағишлаши керак бўлади, ўқимишлилик сингдириши юк юклаши зарур.

Шеър  – улуғ ҳикмат. Шеър қалб кечинмаси. Шеър ақл меваси.

Бу воҳани мардлар юрти навқирон Сирдарё дейдилар,

Сайхун дарё, сирли дарё, қатраси дур дарё дерлар. Қирларида буғдойзорлар олтинлашиб куйлаб ётар.

Соҳилида сўлим боғлар анорзорлар болга тотар.

Юксак хирмон ишқи яшар деҳқонининг ўйларида.

Жамол очган бу воҳа бу Сирдарёнинг бўйларида.

Агар кўрмоқ истасангиз Сирдарёнинг камолини Гулистоннинг, гул шаҳарнинг тўлин ойдек жамолини, Яратгандан тола сўраб, тилаб ёруғ иқболини

Келинг, бир кун бўлинг меҳмон Сирдарёнинг бўйларида.

            Ватани, қишлоғи, юрти ҳақида шеър ёзмаган ижодкор йўқ дунёда. Ойниса Ортиқбоева Сирдарёни бутун вужуди, қалби билан севади. Сирдарёни бутун дунё билишини ҳоҳлайди, Сирдарёнинг захматкаш, фидойи меҳнатсевар халқини руҳини кўтаришни, юрти билан фахрланишини истайди.

Сирдарё вилояти 1963 йилда ташкил топган бўлса 1991 йилдан кейин, айниқса,  2010 йилдан бошлаб вилоят маркази Гулистон ўз номига муносиб гуллар шаҳрига айланиб бормоқда. Шоиранинг орзулари амалга ошмоқда.

“Дўстлик” каналининг Гулистон шаҳридан ўтган қисмининг икки тарафини бетонлаштирилиши, икки қирғоқ атрофини ободонлаштирилгани, кечаси ҳам кундуздагидай ёруғ бўлганлиги гулистонликларни беҳад мамнун қилди. Айниқса, эрталаб тонг саҳарда нуроний отахонлар, онахонларни канал ёқалаб сайр қилаётганлигини кўриб инсонда миннатдорчилик туйғуси жўш уради.

            Сирдарё Ўзбекистондаги кенжа вилоятлар қаторига киради. Илгари аграр вилоят бўлиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилар эди. Кейинги беш-олти йил ичида Сирдарё замонавий индустриал вилоятга айланмоқда. Бугун вилоятда қўл телефони, тиббиётга оид материаллар, кийим-кечаклар, аравачали мотоцикллар, черепицалар, туфлилар ва бошқа турли енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқилиб дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Сирдарё тамғаси туширилган юздан ортиқ маҳсулотлар дунё бозорларида сотилмоқда. Бу ютуқлар эса шоира, ёзувчи, публицист Ойниса Ортиқбоевани бефарқ қолдирмайди. Шоиранинг “Сирдарёнинг бўйларида” шеъри бутун юртдошларимизнинг мадҳиясига айланиб кун аро турли эфирларда жарангламоқда.

                        Юртим, айланайин бўстонларингдан,

                        Гуллаган замин-у осмонларингдан,

                        Осмондек бағрикенг инсонларингдан,

                        Жаҳонга юз тутган жанннатмаконсан,

                        Аждодларим битган суюк достонсан.

                        Соҳибқирон юрти, султонлар юрти,

                        Ҳурликка жон тиккан Чўлпонлар юрти,

                        Сенга муҳаббатин куйлаб тўймаган

                        Муҳаммад Юсуфдек ўғлонлар юрти,

                        Бобурни йиғлатган мангу армонсан,

                        Жаҳонни титратган, кўҳна Туронсан,

-деганида шоира ҳақ эди. Ўзбекистонимиздай гўзал, тарихи улуғвор, маънавияти, маърифати юксак юрт йўқ жаҳонда. Шоиранинг бу шеъри ёшларда ватанпарварлик туйғусини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ватанпарварлик – Ватанини севиш, Ватанини кўз қорачиғидай асраш, эҳтиётлаш, ҳар бир виждонли, иймонли инсоннинг бурчи бўлиши шарт. Бу биринчи масала. Иккинчи масала ўша буюк Ватан тарихини ўтмишини билиш мажбурий бўлган туйғу ҳисобланади. Ойниса Ортиқбоева шеърларини ўқиган ҳар бир инсонда юртини ўрганиш ҳисси пайдо бўлади.

            Шоиранинг “Истиқлол нуридан ойланган диёр” шеъридаги

                        Кўксим осмон бўлар, меҳринг ўйласам,

                        Сўзим достон бўлар, мадҳинг сўйласам,

                        Бухорийлар юрти, қутлуғ маконсан,

                        Авлоди бек ўтган Ўзбекистонсан,

                        Жисмимдаги жонсан, имонсан, Ватан,

                        Нурли иқбол, нурли жаҳонсан,  Ватан, –

мисраларини бефарқ ўқиб бўлмайди. Бу шеър шунчаки ёзилган сўз тизмаси эмас, балки Ватанни буюклигини, Ватанни улуғворлигини юракдан ҳис қилган инсонгина бундай ўтли сатрларни ёзиши мумкин. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асадулло Холиқов бу шеърга куй басталаб чиройли қўшиқ яратган.

            Ойниса Ортиқбоеванинг “Ватан”, “Дунёга омонлик тилайлик”, “Ассалом, мунаввар олам!”, “Кўнглимга ойдинлик сўрайвераман” , “Ўзбекистон” каби ўнлаб ўқимишли, инсон юрагига “жиз” деб таъсир этадиган шеърлари инсонни Ватанига нисбатан меҳрини янада ортишига хизмат қилади.

Она – улуғ зот. Онани улуғламаган зот йўқ. Ижодкор учун Она ҳақида шеър ёзмаслик катта гуноҳлардан бири.

Ойниса Ортиқбоеванинг йигирмадан ортиқ шеърлари Она ҳақидадир.

“Онам умри”, “Асрар мени дуоларингиз”, “Эзгуликка йўллаб турса аёлингиз”, “Баҳорлар бошланар, аёлни куйлаб”, Сўзланг” “Улуғ юртнинг эркаси” каби шеърлари она, аёл, қизлар ҳақидадир.

“Гўзаллик – бу шакл ва мазмуннинг мужассамлашишидир.” – деган донишманд Генрих Ибсен. Гўзаллик дунёни қутқаради. Шоирларда, умуман ижодкорларда ҳис-туйғу, идрок, фаросат кучли бўлганлиги учун ҳам табиатдаги, жамиятдаги гўзалликни, нафисликни, нафосатни қалбан ҳис қиладилар ва оқ қоғозга тушуриб шеърхонни ҳаяжонга солади.

Гар сиз боғласангиз ҳар муаммо ҳал бўлгай

Кўзингиз ҳар имоси бир нафис ғазал бўлғай

Бахти бекамлик сизга тақдири азал бўлгай

Ўсиб ўғил-қизингиз, фарзанди комил бўлсин

Пойингизга тўшалган меҳр-атиргул бўлсин

Ёки:

            Бугун юзу кўздаги бахтнинг умри узун бўлсин,

            Кўнгил деган кошонага дўстнинг меҳри устун бўлсин.

            Ярим, ўксик юракларнинг бағри тўлсин, бутун бўлсин,

            Яратгандан Сизга бекам, тўкис шодлик тилай, дўстлар,

            Кўнгилга хотиржамлик ва ободлик тилай, дўстлар.

Ёки:

Дўстлар, қалбингизга қуёш олиб кирмоқ истайман,

 – каби ўлмас, эскирмас сатрлари Ойниса Ортиқбоевани катта шоира бўлиб етилганидан далолат беради. Шоира ижодининг асосий хусусиятларидан бири хозиржавоблигида. Ҳар бир воқеа ҳодисадан фалсафа, мантиқ маъно излашида, ўзи хурсанд бўлган, кайфияти кўтарилган, руҳланган воқеа-ҳодисасини шеъри орқали бошқаларга илинишида кўринади. Опа шеърларининг маълум бир қисмини асосий мавзу севги ва муҳаббат ташкил этади. Севги ёрига, фарзандларига, Она Ватанига, дўстларига нисбатан бўлиши мумкин. Оддий қишлоқ қизи Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раҳбари, Халқ Демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси, вилоят тарғибот-ташвиқот гуруҳининг фаол аъзоси каби бир қатор унвонларга сазовор бўлган. Булардан ташқари инсон ҳаётининг мазмун-моҳиятини кўрсатадиган энг катта Она, Буви деган унвонлар эгаси. Шу жиҳатдан олганда Ойниса Ортиқбоева мамлакатимиздаги энг бахтиёр аёлларимиздан бири саналади.

            Етмиш ёшингиз муборак бўлсин Ойниса опа! Ижодингизга барака, соғлигингиз мустаҳкам бўлсин.  Сизни ҳеч ким етмиш ёшни қаршилаган ижодкор демайди.

 

 

  Равшанбек Маҳмудов,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!