Click to listen highlighted text!

НАФОСАТЛИ, ЧАҚҚОН, МАЛОҲАТЛИ

Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасига бағишлаб 25 январь куни  Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида 1998-2012 йилларда туғилган қизлар ўртасида спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича вилоят очиқ чемпионати ўтказилди. Турнирда вилоятнинг 9 та туманидан 125 нафар  гимнастикачи қизлар иштирок этдилар.

Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси Сирдарё вилояти бўлими раиси Дилшода Ҳайдарова сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, улар учун қурилиб ишга туширилган турли спорт иншоотлари, айниқса, давлатимиз томонидан қизларимизнинг спорт билан шуғулланишларига берилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.

-Бадиий гимнастика нафақат қизларимизнинг гўзал қоматли ва чаққон бўлишлари учун фойдали, балки, соғлом турмуш тарзига одатланишлари, келгусида соғлом она бўлишлари учун асос яратади, – деди маърузачи ўз сўзида.

Турнир жуда қизиқарли ўтди. Бадиий гимнастикачи қизларнинг чиқишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

-Қизларимизнинг чиқишларидан кўриниб турибдики, улар бу тадбирга жуда қаттиқ тайёргарлик кўриб келишган, – дейди Ўзбекистон гимнастика федерацияси Сирдарё вилояти бўлими ижрочи директори  Моҳира Ачилова. –Албатта, ҳакамлар ҳайъати норматив талабларига кўра, энг чаққон ва энг нафис ҳаракатларни амалга оширган қизни аниқлашади. Умуман, кейинги йилларда вилоятимизда спортнинг ушбу турига қизиқиш жуда катта. Ота-оналар ҳам қизларининг гўзал ва баркамол бўлиб етишишларига катта аҳамият қаратмоқдалар.

Қизиқарли ўтган мусобақаларда Гулистон Олимпия заҳиралари коллежи ўқувчиси Муборак Мирзаолимованинг қўли баланд келди. У “Баркамол авлод” мусобақаларининг республика босқичига йўлланмани қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Умумжамоа ҳисобида  Сирдарё тумани жамоаси етакчилик қилди. Тадбир сўнгида ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!