Click to listen highlighted text!

ЁШЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИ ТАЪМИНЛАНАДИ

     Юртимизда мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб давлатимиз томонидан ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов имзолаган илк қонунлардан бири ёшларга оид экани ҳам буни яққол тасдиқлайди. 

     Истиқлолимизнинг илк йили – 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлақонли акс эттирилган. Қонун асосида ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур асослар мустаҳкамланиши билан бирга уларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида урғу берилган.

         Бундан ташқари, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб фармон ва қарорлар, қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, 2008 йилда қабул қилинган “Ёшлар йили” Давлат дастури, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир.

        “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борада ўзига хос янги босқични бошлаб берди. 2016 йил 15 сентябрда кучга кирган мазкур қонун ёшлар сиёсатининг асосий қоидаларини ўзида мужассам этган. Қонун бундай сиёсатни шакллантириш ва рўёбга чиқаришга доир ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирди.

       Замон талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилган. Булар сирасига ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда манфаатлари киради. Шу асосда ёшларнинг очиқ ва сифатли таълим олиши таъминланади. Ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашилади. Уларни ишга жойлаштириш ва бандлиги учун шарт-шароитлар яратилади. Уларни қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга эътибор қаратилади. Ёшларни маънавий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, радикализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, спортни, тадбиркорликни ривожлантириш доимо диққат-марказида бўлади.

     Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи, яъни Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар белгиланган. Булар сирасига таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари киради. Маданият ва спорт ишлари, меҳнат, прокуратура, ички ишлар, адлия, мудофаа ишлари бўйича органлар, оммавий ахборот воситалари ҳам шулар жумласидандир. Ушбу органлар ва муассасаларнинг вазифалари, ваколатлари, шунингдек, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлиги қонунда аниқ белгиланган.

    Ўз навбатида, қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ёшлар учун қўшимча кафолатлар, яъни бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Таълим муассасаларини битирганидан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотлари тизимини ривожлантириш ва бошқа шу кабилар қамраб олинган.

     Мазкур қонун нафақат ёшлар, ёш оила, балки ёш мутахассис, ёшлар тадбиркорлиги тушунчаларининг мазмунини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. Ёшларга оид сиёсатни рўёбга чиқариш, комплекс ташкилий-ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирларни қабул қилишга йўналиш ва асос бўладиган Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишларини белгилади. Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат бошқарувини ушбу жараёнда иштирок этадиган ҳар бир субъект ваколатларини мустаҳкамлаган ҳолда такомиллаштирди. Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама рағбатлантирадиган қўшимча давлат кафолатларини кенгайтириш ва ўрнатишга, мамлакат иқтисодий ўсишининг локомотиви бўлган ёшлар ўртасидаги тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашишга кенг йўл очди.

   Қонун нормалари ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда жамоат ташкилотларининг, аввало, ёшлар ташкилотларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларининг роли ҳамда ўрнини кучайтиради. Давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда, соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга доир тадбирларни уюштириш ҳамда ўтказишда, ёшларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини юксалтиришда, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари муқаррар иштирокининг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланди.

  Қонуннинг қабул қилиниши ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига ҳуқуқий асос яратди. Бу борада масъул бўлган давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтирди. Бу имкониятлар ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришига замин яратади.

    Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қошида фаолият юритаётган Ёшлар Кенгаши  томонидан 2016 йил давомида ушбу қонун мазмун-моҳияти меҳнат жамоаларида тизимли тарғибот қилинди.  Ёшлар билан турли учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил қилиниб, уларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди. Бундай ишлар 2017 йилда ҳам давом этади.

 

                           ВКУТБ Ёшлар Кенгаши раиси       Ҳ.Наматов

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!