Click to listen highlighted text!

ЗУЛФИЯНИНГ ЯНА БИР ИЗДОШИ

      Ҳар йили баҳорнинг илк кунида, шоира  Зулфияхоним таваллуд топган кунда унинг номига таъсис этилган Давлат мукофоти соҳибаларининг номлари эълон қилинади. Мана 18 йилдирки, бу анъанага айланган.

   Интилувчан, истеъдодли қизларимиз ўртасида ўтказиладиган Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун кўрик-танловларда ҳар йили вилоятимиздан 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган минглаб қизлар иштирок этишади. Туман, шаҳар босқичларидан ўтиб, вилоят босқичига етиб келган 100 га яқин қизлар  орасидан энг иқтидорлилари кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олишади. Ўтган”Соғлом она ва бола йили” да ҳам ушбу тадбирнинг туман-шаҳар ва вилоят босқичлари юксак савияда ўтказилди. Бешта йўналиш бўйича 1-3 ўринларни эгаллаган қизларнинг ҳужжатлари тайёрланиб,  республика босқичига юборилган эди. Яқинда пойтахтдан хушхабар келди. Бу йил Зулфияхоним издошлари сафига Сирдарё  вилояти  Боёвут туманида туғилиб, вояга етган, қўли қаламни ушлай бошлаши билан, шеъриятнинг гўзал бўстонига қадам қўйган Нозимабону Шербекова қўшилибди. Нозима Боёвут қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси.

      – Қизим Нозимабону 10 ёшидан бошлаб шеърлар машқ қилади. 2009  йилдан буён “Баркамол авлод” болалар ижодиёт маркази қошидаги “Ёш қаламкашлар” тўгарагига қатнашаман, деб туриб олди, – дея хотирлайди унинг дадаси Нурмуҳаммад Шербеков. – Дастлаб онаси билан, “бола-да, қизиқиши ўтиб кетса керак”, деб ўйлаган эдик. Аммо, қизим тўхтовсиз шеър машқ қилиб, ўз устида тинимсиз ишлади. Устозларидан ўқиб, ўрганди.  2010 йили “Гул фасли”, 2015 йили “Оймомонинг кўзгуси” номли шеърий китоблари дунё юзини кўрди.

     – Нозимабону мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ ўзининг интилувчанлиги, фанларни чуқур ўзлаштириши, ташаббускорлиги, чаққонлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб турарди, – дейди  унинг устози Феруза Эшбоева. – 2013  йилда ўқувчилар ўртасида бадиий адабиётлар мутолаасига бўлган қизиқишларини янада кучайтириш, шунингдек, 2013 йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан оилавий китобсеварликни тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган “Китобсеварлар” кўрик-танловининг Республика босқичида Шербековлар оиласи  иштирок этиб, III-даражали диплом соҳиби бўлган. 2014 йили Ибн Сино номли 1-ихтисослаштирилган мактаб интернатида 8-март халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган “Мактабимиз санами” кўрик-танловида ғолиб бўлганлиги учун мақтов ёрлиғи билан тақдирланган.

       Нозима Шербекова ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган ҳар бир кўрик-танлов, тадбирларда фаол иштирок этади. У 2015 йили “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг Сирдарё вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритганлиги учун II-даражали диплом билан тақдирланди. Худди шу йили  “Камолот” ЁИХ туман Кенгашининг 14-йиллиги муносабати билан ўтказилган  “Ёш қаламкашлар” танловида 1-ўринни эгаллади.

     Тиниб-тинчимас қиз учун 2015 йил баракали ва омадли келди. У ёшлар ўртасида юксак маънавият, ўзбек халқининг анъаналари, маданий меросига ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилган “Маҳаллам менинг тақдиримда” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичида фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Нозимабону 2015-2016 йилларда ўтказилган “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар республика танловларининг “Адабиёт ва журналистика” йўналишида “Назм” номинацияси ғолиби бўлган.

         2016 йилда чоп этилган  “Сирдарё ғунчалари” ёшлар баёзи тўпламидан Нозимабонунинг “Илтижо”, “Қавати кўп бинонинг қаватларидан”, “Йўлим тушса юртдан олис қўрғонларга” номли шеърлари   ҳам жой олган.

        – Шеър ёзиш, ўқиб-ўрганишдан ортирган вақтларимда спортнинг баскетбол  ва теннис турлари билан ҳам мунтазам шуғулланаман, – дейди  Зулфияхоним юрган шеърият сўқмоқларидан тиришиб-тирмашиб, олға қадам ташлаётган Нозимабону. – Чунки спорт билан шуғулланиш нафақат жисмонан соғлом қилади, балки киши маънавиятига ҳам ижобий таъсир қилади. Мен ўйлайманки,  замонавий қиз – бу ҳар тарафлама баркамол қиздир. Шоира Зулфияхоним ҳаёти,  маънавияти, садоқати биз ўзбек қизлари учун ҳамиша ўрнак бўлган ва бўлиб қолаверади.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!