НАВРУЗ ТАНТАНАЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Гулистон маданият ва истироҳат боғида мана икки кундирки, Наврўзи олам тантаналари давом этмоқда. Эрта тонгданоқ боғда бу йил янги қуриб битказилган мусиқали фаввора атрофида ўйин-кулгу бошланиб кетган. Бир томонда “Миллий таомлар” кўргазмалари, иккинчи томондан икки туман – Ховос ва Сирдарё туманлари фаоллари томонидан тайёрланган байрам дастурхонларию миллий буюмлар кўргазмалари. Вилоят ташкилотлари ҳам бу гал туманлардан қолишмай ҳаракат қилишмоқда. Вилоят Молия бошқармаси, Назорат-тафтиш бошқармаси, “Қишлоқхўжаликкимё” корхонаси, “Ўзбекистон почтаси”АЖ Сирдарё филиали ва бошқалар тўкин дастурхон безатиб, қўллари кўксида, меҳмон кутишмоқда.
-Гулистонда бу йил Наврўз ҳар йилгидан ўзгача нишонланмоқда, – дейди “Қишлоқхўжаликкимё” корхонаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Аюб Отаев. – Юртдошларимиз ҳар қачонгидан-да меҳрли, оқибатли, юзларида кулгу, лабларида табассум билан бир-бирини қаршилаётирлар. Бунинг барчаси – юртимиз тинчлигининг, эртанги кунга бўлган ишончнинг аломатидир.
“Миллий таомлар” кўргазмасини бу гал тўлиқ Сирдарё ва Ховос туманларида мавжуд касб-ҳунар коллежлари ва Академик лицей меҳнат жамоалари ташкил қилишган. Дастурхонни безаб турган миллий баҳорий таомлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Эьтиборлиси, ушбу жаннат таомлари қизларимизнинг ўз қўллари билан пиширилган. Ичига қаймоқ сурилган қатламаларнинг 10 га яқин турини учратиб ҳайратга тушасиз. Лочиралару макка донидан ёрма гўжалар, кўкат солиб пиширилган сомсаю чучвара, ғилминди, ширгуруч ва мошкичириларнинг мазали ҳиди димоқни қитиқлайди. Шу ернинг ўзида миллий либосларга бурканган қизу аёлларимиз меҳмонларга қўллари кўксида, салом солиб туришибди.
– Қизларимиз кечаси билан ухламасдан пиширган ушбу таомларни, мазасидан татиб кўринг, – дея илтифот қилади Ховос темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи директори Кароматулло Бобожонов. Шу ернинг ўзида транспорт коллежи устахонасида тайёрланган ўзиюрар поезд макети, бежирим ўриндиқларни кўрсатиб, мақтангиси келади Кароматулло аканинг. Ҳақиқатан ҳам, мақтанса арзигулик, жамоа ишчи-ходимларининг ҳам, ўқувчиларининг ҳам қўллари гуллиги кўриниб турибди.
Меҳнат жамоалари, юқорида айтиб ўтганимиздек, “кимўзар”га тайёргарлик кўришган, аммо “Қишлоқхўжаликкимё” корхонасининг иноқ ва аҳил жамоаси тузатган байрам дастурхони ҳар қанча эътирофга лойиқ. Жамоада хотин-қизлар кам сонли эса-да кийимларидан миллийлик уфуриб турибди.
Хуллас, байрамнинг иккинчи кунини ҳам Сирдарё аҳли шоду хуррам сайил қилишди. Наврўзи олам муборак!
Зебо Ҳайдарова