ГУЛИСТОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДА МАЪНАВИЯТ СОАТИ
Кеча Гулистон Давлат университети Ижтимоий-иытисодий факультети фаоллар залида « Ҳаракатлар стратегияси-давлат ва жамиятнинг ривожи учун шахдам қадам» мавзусида маънавият соати ўтказилди.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан ЎХДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари, шоир Мурод Ҳайитов маъруза қилди. Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир, – деди маърузачи ўз сўзида. –Шу билан биргаликда мамлакатни ривожлантиришнинг қуйидаги 5 та устувор йўналиши белгиланган:
1. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;
2. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
3. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш;
4. Ижтимоий соҳани ривожлантириш;
5. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.
Маърузачи томонидан ҳар бир йўналиш шарҳлаб берилди, бу йўналишларни амалга ошириш юзасидан сиёсий партиялар олиб боражак ишлар ҳақида батафсил тўхталди.
Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходими Зебо Ҳайдарова сўзга чиқди.
– Қонунларнинг ижроси жойларда таъминланишининг биринчи шарти – фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришдир, деб таъкидлади маърузачи. Қачонки, фуқароларнинг ғуқуқий онги юксалмас экан, қонунлар қоғозда қолаверади. Бу борада вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қошида фаолият юритаётган юридик клиниканинг фаолияти ҳақида тўхталар экан, бу ерга тушаётган мурожаатларнинг кўпчилиги меҳнат соҳасида экани, бироқ, меҳнат жамоаларида олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот туфайли муаммолар кўпроқ жойида ҳал этилаётгани ҳақида сўзлаб берди.
Сўзга чиққан вилоят “Оила”маркази раҳбари Сабоҳат Зунунова оила ҳуқуқи, ажримларнинг олдини олиш учун ёшларнинг ҳуқуқий онгини шакллантириш лозимлиги ҳақида гапирди.
Маърузачиларга иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.
ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими