Click to listen highlighted text!

МАХСУДА – ЭНГ НАМУНАЛИ МАСЛАҲАТЧИ

      Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичида 11 нафар иштирокчи ўзаро беллашди.

     Танлов “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, адлия, ички ишлар, халқ таълими, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

     Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Икром Норбеков ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида давлат ва жамият ҳаётида маҳалла институтининг ролини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давлат дастури ижросини таъминлаш борасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, оилалар мустаҳкамлиги ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг роли муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.

        Кўрик-танловнинг шаҳар ва туманлар босқичида иштирок этган 223 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари орасидан ғолибликни қўлга киритган 11 нафари маслаҳатчи вилоят босқичида қатнашди. Иштирокчилар танлов давомида ҳудудида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар тақдимотини намойиш этишди. Турли масалалар юзасидан билими, дунёқараши, соҳага оид қонун ҳужжатларидан хабардорлиги синовдан ўтди.

     Ҳакамлар ҳайъатининг якдиллик билан қабул қилган қарорига кўра Мирзаобод туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Махсуда Имонқулова энг кўп бал жамғариб, танлов ғолиблигини қўлга киритди ва энди у танловнинг мамлакат босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.

    – Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳоли билан ишлашида янги имконият ва ваколатлар эшигини очиб берди, – дейди кўрик-танлоқ ғолибаси Махсуда Имонқулова. – Бу ўз навбатида маҳалла фаолларининг иш юртишида ўзининг ижобий самараларини бераётир.

        Мамлакатимиз Президентининг вилоятимизга ташрифи олдимизга кўплаб янги вазифаларни юклади. Айни пайтда, ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш борасида маҳалламизда кўплаб йўналишларда иш олиб бормоқдамиз. “Оила – маҳалла – таълим муассасаси – профилактика инспектори” ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ёшлар турли ижодий ва спорт тўгаракларига кенг жалб этилаётгани юксак самара бермоқда. Ҳамкорлигимиз тўғри йўлга қўйилгани сабаб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳалламизда ноқонуний, қариндош-уруғлар ўртасида ва эрта никоҳлар ҳолатлари, вояга етмаганлар ўртасида майда безорилик ва қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилмади.
Танлов фаолиятимизда эътибор қаратишимиз зарур бўлган муҳим масалалар, иш услубларимиз бўйича ўзаро фикр, тажриба алмашиш имконини берди.
Кўрик-танлов ғолиб, совриндор ва турли номинациялар сохибалари ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Муборак Ҳазратқулова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!