ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида юртимиз мустақиллигининг 26 йиллигига ҳамда огоҳлик масалаларига бағишланган маънавият соати бўлиб ўтди.
Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Камолиддин Акбутаев очди ва олиб борди.
Сўзга чиққан Жаҳонгир Худойназаров ўтган давр мобайнида мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган 20 дан ортиқ қонун, Президентнинг 180 дан ортиқ Фармони, 450 дан ортиқ қарори қабул қилингани ва бу жараён узлуксиз давом этаётганини, ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги ижросини таъминлашда барча бўғиндаги раҳбарларнинг масъулиятини ошириш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади. Шу билан биргаликда 26 йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган ютуқларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг сўз олган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси К. Акбутаев мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар, бу борада касаба уюшмаларининг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлади. Касаба уюшмалари эса ишчи-ходимларнинг ижтимоий манфаатларини, ҳуқуқларини ҳимоя қилади, уларнинг сиёсий билимларини оширишда, маданий ҳордиқ ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиб беради. Хусусан, Юртимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида бирлашма тизимидаги ташкилот, корхона ва муассасаларда тизимли маънавият-тарғибот ишлари, хайрия тадбирлари ўтказилмоқда. Меҳнаткашларнинг байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишлари учун барча бирдек ҳаракат қилмоқдалиги таъкидланди. Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз –Мустақиллик байрамининг бу йил “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилаётгани, байрам арафасида касаба уюшмалари томони турли эзгу ва хайрли тадбирлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилганлиги, бу борада ҳеч ким эътибордан четда қолмаслигини таъкидлади.
Учинчи масала бўйича сўзга чиққан Жаҳонгир Худойназаров юртимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асраш ҳар бир фуқаро, ишчи-ходимнинг муқаддас бурчи эканлиги, тинчлигимиз фаровонлигимиз калити эканлиги ҳақида гапирди. Шу ўринда, юрт тинчлигини кўролмайдиган қора кучлар йўқ эмаслигини, уларга қарши бирлашмоғимиз, ўз тинчлигимизни ўзимиз асрамоғимиз керак, -деди маърузачи.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунимизнинг тинч ва осудалиги, турмушимизнинг фаровонлигига шукроналар келтиришимиз, кўп миллатли мамлакатимизда аҳил ва иноқ, бахтли ҳаёт кечиришимиз ўзимизга боғлиқ эканлиги, мамлакат равнақи йўлида давлатимиз олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлашимиз кераклиги ҳақида айтиб ўтишди.
Тадбир сўнгида сўзга чиққан бирлашма бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳ.Ҳайдаров маърузачиларга жамоа номидан ўз миннатдорчилигини билдирди.
Зебо Ҳайдарова