Click to listen highlighted text!

КИТОБГА МЕҲРИМ БЎЛАКЧА

Ўзбекистон ёшларига яратилаётган имконият ҳеч бир давлатда йўқ. Айниқса, кейинги йилларда ёшлар маънавиятига катта эътибор берилмоқда, ижодкор, китобсевар ёшлар рағбатлантирилмоқда.
Мен, Гулистон давлат университети қошидаги Гулистон академик лицейи ўқувчиси Нозима Аҳмадалиева, ўзимни юртимизнинг бахти кулган қизларидан бири, деб ҳисоблайман. Ўзим илк бора алифбони қўлимга ушлаган қадрдон маскан – Гулистон шаҳридаги 15 –умумтаълим мактабида ўқиб юрган кезларимдаёқ устозларим ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашлари, рағбатлантирилшлари туфайли ижод оламига шўнғидим. Шеър ёзишни 13 ёшимдан бошладим. Дастлабки шеърим вақт ҳақида бўлди, кейин она ватан, ота-онам, дугоналарим ҳақида шеърлар битдим. Аста-секин шеърларим вилоятдаги “Давр ёшлари”, “Сайхун зиёси”, “Ойдин йўл” газеталари саҳифаларида чоп этила бошлади, бу менга янада илҳом бағишлади.
Яқинда мен таҳсил олаётган Гулистон академик лицейи фаоллар залида менинг биринчи китобим – “Оппоқ орзулар” китобининг тақдимоти ўтказилди. Тадбирда мен учун энг қувончлиси – вилоятимизда яшаб, ижод қилаётан ижодкорлар, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, ёш қаламкашлар иштирок этишди.
Таълим масканимиз директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдужаббор Тошматовнинг мен эришаётган ютуқлар ва китобимга жамланган шеърларим ҳақидаги илиқ фикрларини эшитиш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳор Холбекова, Гулистон шаҳар хотин–қизлар қўмитаси бош мутахассиси Зуҳра Холбекова, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Азизхон Ишанханов ва бошқаларнинг камтарингина китобим ҳақида, ундан жой олган машқларим ҳақидаги фикрларини эшитиш менга қанот бағишлади гўё. Уларнинг менга билдирган самимий тилаклари учун бир умрга миннатдорман.
Юртбошимиз томонидан биз, ёшларга жуда катта эътибор ва ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Бунга жавобан келажакда юртимиз ривожига ҳисса қўша оладиган авлод бўлиб вояга етишимиз керак. “Оппоқ орзулар” китобим тақдимотида китобим ҳақида яхши фикрлар билдирган ҳурматли устозларимга, барча – барчага, Гулистон давлат университети қошидаги Гулистон академик лицейи ўқитувчи ва ўқувчиларига шуни айтмоқчиманки, мен ўз иқтидорим устида тинимсиз ишлаб, буюк шоиралар Зулфияхоним, Ҳалима Худойбердиевалар каби ўзбек адабиётида, шеъриятида ўз ўрнига эга ижодкор бўлишга, халқимнинг қувончию дардларини шеърларимда акс эттиришга, элим учун яшашга ваъда бераман.

            НОЗИМА АҲМАДАЛИЕВА, 

   Гулистон академик лицейи 3-босқич ўқувчиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!