Click to listen highlighted text!

ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ ЭГАЛАРИ

           Худди шу мавзуда Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими томонидан ҳудудий нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда маърифий тадбирлар ташкиллаштирилмоқда.

          Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад – ёшларни диний экстремизм ва турли жиноий оқимларга кириб кетишдан асраш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишдан иборатдир.

             Яқинда Янгиер шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби фаоллар залида бўлиб ўтган маърифий тадбирда китоб ярмаркаси ташкил этилди, сўнгра таълим муассасаси ходимлари, маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирокида маънавият соати ўтказилди. Тадбирни Янгиер шаҳридаги 7-умумтаълим мактаби директори З.Жўраев  очди ва олиб борди.

                 Унда Янгиер шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Умерова, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди диний маърифат ва маънавий- ахлоқий масалалар бўйича мутахассиси Муҳаббат Ҳамроқулова, шаҳар тиббиёт бирлашмаси гинекологи Ҳилола Қаюмова, А.Жомий маҳалласи масжиди имом-хатиби Хуршидбек Аслонов ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдаровалар иштирок этди ва сўзга чиқдилар.

              Сўзга чиққан маърузачилар  26 йил ичида Ватанимиз, қолаверса, Сирдарё вилоятида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари,  турмушимиз, барча ижтимоий соҳалар, шу жумладан,  таълим соҳаларида ҳам рўй берган ўзгаришлар ҳақида сўзладилар. Шу  ўринда кейинги йилларда ёшлар тарбияси, уларни ижодга, китобга жалб қилишга давлат миқёсида эътибор берилаётгани, айниқса, иқтидорли ёшларимизга яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот бериб, мамлакат равнақи йўлида давлатимиз олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлашимиз кераклиги ҳақида  айтиб ўтди.

               Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходими З.Ҳайдарова таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, педагоглар олдида  турган долзарб вазифалар, бу борада касаба уюшмаларининг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлади.

             Маърузачи Мустақиллик йилларида таълим соҳасида жуда катта янгиланишлар, ўзгаришлар бўлганлигини, айниқса, кейинги йилларда талим сифатини ошириш борасида ислоҳотлар, айниқса, ёшлар тарбиясида таълим муассасалари билан биргаликда нодавлат ташкилотларининг ҳам олдида турган долзарб вазифалар  ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.  Тадбир  сўнггида сўзга чиққан  Янгиер шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби директори З.Х.Жўраев маърузачиларга жамоа номидан ўз миннатдорчилигини билдирди.

              Худди шундай тадбирлар Гулистон шаҳри, Мирзаобод туманидаги қатор таълим муассасаларида ўтказилди ва ушбу тадбирларда меҳнарт жамоалари билан бирга кенг жамоатчилик вакилларининг иштироки ҳам таъминланди.

 

ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!