Click to listen highlighted text!

КЎНГИЛДАГИ МАМНУНИЯТ

Гулчеҳра опа қайси кўчадан ўтмасин, қай маҳаллага йўли тушмасин, у ернинг уй – жойига разм соладиган, ҳавас билан қараб қоладиган бўлиб қолганди. Хаёлида хонадони аҳволини, қандай таъмирлашни ўйлаб юрарди. Лекин турмуш ўртоғининг ногиронлиги, фарзандларининг вояга етмаганлигидан қўли калталик қилиб, орзуси амалга ошмай келаётганди.
Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб – қувватлашга оид қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тузилган Ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан Сирдарё вилоятидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 110 та уй – жойлари таъмирлаб берилди.
Уларнинг ичида Гулчеҳра Шералиева хонадони ҳам бор. Оқолтин тумани Кўркамдиёр маҳалласидаги кўпқаватли уй хонадонининг барча эшик ва дераза ромлари янгиларига алмаштирилиб, ранг берилди. Девор ва пол қисмига ҳам пардоз берилди. Бинонинг киравериш даҳлизи таъмирланди.
– “Кўҳна Ширин” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан қисқа фурсатда тумандаги 10 та турар – жойлар таъмирланишига эришилди. Уйга муҳтожлиги бўлган кишилар учун 2 та янги уй қуриш режаси ишлаб чиқилди. Кўнгилларни обод қилишдек савобли ишда иштирок этганимдан хурсандман, – дейди Агросаноат ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Ҳайитбой Фармонов. – Аҳволни ўрганиш, усталар билан гаплашиш, қурилиш молларини олиб бориш каби ташрифларимда опанинг севинганларини кўрдим. Сўнгида президентимиз номига Ташаккурнома ёзганларида бунинг чин юракдан, ғоят самимий эканилигини билдим.
– Янги таъмирдан чиққан уйнинг ифори инсонни қанчалик бахтиёр қилишини, эҳтимол, ҳамма билмас. Меҳмон чақиргинг келади-ю, лекин турар жойингдан ҳижолат бўлиб таклиф қилолмаслик нималигини, фарзандларим, мен яхши биламиз, – дейди хонодон бекаси Гулчеҳра опа. – Фуқароларини азиз билган, кўнглини сўраган давлатимиз раҳбарига, ватанимга чексиз ташаккуримни айтаман. Бунга муносиб бўлиш учун фарзандларимни юрт учун керакли инсон қилиб тарбиялашга ваъда бераман.
Бугун қалбларга қадалган эзгулик уруғларининг ҳосили ширин бўлишини ният қиламиз.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!