Click to listen highlighted text!

БИЗ БАРЧАМИЗ ОҒА-ИНИМИЗ

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан вилоятдаги кўп миллатли меҳнат жамоаси мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларда “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида маънавият соатлари, маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Юқоридаги мавзудаги навбатдаги маърифий тадбир Янгиер педагогика касб-ҳунар коллежи фаоллар залида ўтказилди. Тадбир Рус ва тожик миллий маданий марказлари ҳамкорлигида ташкиллаштирилди. Тадбир иштирокчилари, педагогика коллежи ўқитувчи-ходимлари ҳамда ўқувчилари Рус миллий маданий маркази раҳбари Фаина Семеновна Голубцова ҳамда Тожик миллий маданий маркази вакили Қурбонгул Муродинованинг сўзларини қизиқиб тингладилар. Рус миллий маданий маркази қошидаги “Гармония” хор жамоаси ҳамда “Росток” ансамбли жажжи ижрочиларининг чиқишларини олқишлар билан кутиб олдилар. Айниқса, “Гармония” хор жамоасининг рус, ўзбек, инглиз тилида куйлаган қўшиқлари томошабинларга манзур бўлди.
– Ёшим 71 дан ошди, бир умр Ўзбекистонда яшадим ва қурилиш соҳасида ишлаганман, – дейди Рус миллий маданий маркази раҳбари Фаина Голубцова.
– Ўзбекистон менинг ягона ватаним. Меҳнатларим учун давлатимиз томонидан бир неча бор рағбатлантирилдим. Дастлаб “Хизмат кўрсатган қурувчи, унвонини олдим, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирландим. Ўтган йили “Дўстлик” ордени соҳибаси бўлдим. Барчаси учун давлатимиз раҳбариятидан, халқимдан миннатдорман.
Ўзбек ва тожик халқининг қон-қардошлиги, тили, урф-одатлари, фозилу фузалолари, олиму-уламолари, шоирлари бирлигини, бир олманинг икки юзи эканлигини тожик тилида чиройли ифода этган Қурбонгул Муродинова ўз сўзида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевдан икки мамлакат ўртасидаги тўсиқлар бартараф этилиб, яна яхши қўшничилик йўлга қўйилганлиги учун тожик халқи, шу билан бирга Ўзбекистонда истиқомат қилаётган тожикларнинг миннатдор эканлигини айтди.
-Хусусан, Сайхунобод тумани аҳолисининг 60 фоизини тожик миллатига мансуб фуқаролар ташкил этади, – деди Қ.Муродинова. – Туманда 6 та тожик мактаби ишлаб турибди. Фарзандларимиз ўз она тилида таҳсил олишяпти. Албатта, катта бўлишса, ватанимиз –Ўзбекистон учун муносиб кадрлар бўлиб етишишлари, юрт тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишлари учун ҳаракат қиламиз.
Тадбир жуда ёрқин ва қизиқарли ўтди. Тадбирда Рус ҳамда тожик маданий марказлари вакиллари ҳамда ўқувчилар билан фотосессиялар ташкил қилинди. Савол-жавоблар ўтказилди. Биргаликда қўшиқлар куйланди.
Тадбир сўнггида сўзга чиққан Янгиер педагогика касб-ҳунар коллежи директори Нигора Маматова ўқув муассасаси меҳнат жамоаси ҳам кўп миллатли эканлиги, бу ерда 12 миллат ва элатга мансуб ўқитувчи-ходимлар фаолият юритишларини айтиб, бугунги тадбир учун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамда Рус ва Тожик миллий маданий марказлар вакилларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!