Click to listen highlighted text!

БУ КУН ҲАЁТИМДАГИ ЭНГ МУҲИМ КУНЛАРДАН БИРИ БЎЛИБ ҚОЛАДИ

Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи халқимиз ҳаётида унутилмас кун бўлиб муҳрланди. Ташрифнинг мақсади халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, ишбилармонлик муҳитини кенгайтириш, вилоятнинг саноат салоҳиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш- бир сўз билан айтганда Сирдарё намунасини яратишдан иборат эди. Давлатимиз раҳбарининг ижодкор зиёлилар билан бўлиб ўтган учрашувида мен ҳам иштирок этдим.
Учрашув самимий ўтди, мулоқот жараёнида эркин фикр-мулоҳаза алмашинилди. Президентимиз, дастлаб мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. “Ана шу ҳаётбахш ислоҳотларнинг тарғиботчиси сиз – ижодкор- зиёлилар бўласизлар” деб таъкидлади у ўз сўзида. Суҳбат давомида яқин қўшни давлатлар билан ўрнатилган ўзаро манфаатли ҳамкорликлар ҳақида ҳам сўз борди. “Мен нима учун қўшни давлат раҳбарлари билан яқин бўлишга ҳаракат қилаяпман. Боиси, агар давлат раҳбарларининг муносабатлари яхши бўлса бу ҳар қандай масалаларга ечим топишга осон бўлади. Халқимиз учун яхши бўлади, халқимизни биздан рози бўлиши учун имкониятлар кўпаяди” деб таъкидлади Президентимиз.
Мулоқотда халқни рози қилиш борасидаги фикрлар кўп бора таъкидланди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ижод аҳлига алоҳида эътибор қаратдилар. Самимий ўтган бу суҳбат барча ижодкорлар қатори мени ҳам руҳлантириб юборди.Учрашувнинг “билимдонлар маскани” да ташкил этилганлиги бежиз эмас. Шаҳримиз марказида қад ростлаган “Билимдонлар маскани” чинакам адабиёт бўстони, илҳомбахш гўшага айланган. Ушбу масканнинг бунёд бўлиши ҳам бевосита давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев номи билан боғлиқ.
Қайсики мамлакатда адабиётга, маънавиятга эътибор кучли бўлса, ўша давлат юксалиб, тараққий этиб бораверади. Шундай экан Президентимизнинг ижод аҳлига бўлган эътибори миллат руҳи бўлган тил ва адабиёт равнақи учун мустаҳкам асосдир. Суҳбат давомида ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сара асарларини нашр қилиш, кутубхоналарни кўпайтириш, ёшлар ва аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш энг устувор вазифа эканлиги айтиб ўтилди.
Президентимизнинг “Нима қилсак халқимиз биздан рози бўлади, юртимиз янада ривожланиб тараққий этади,менга таклиф беринглар. Сиз ижодкорлар юксак тафаккур соҳибисизлар” деган сўзлари барча йиғилганларнинг юртга дахлдорлик ҳиссини янада оширди. Билдирилган юксак ишонч ижодкорларга руҳий қувват бўлди. Мулоқотда Ҳаётхон Ортиқбоева, Норинисо Қосимова, Умрзоқ Ўлжабоев ўз таклиф-мулоҳазалари билан иштирок этди. Айниқса, вилоят “Камалак” сардори Боймурод Юнусов ижросидаги “Мусофирларга ” шеърининг декламацияси давлатимиз раҳбарида катта таассурот қолдирди.
Бир сўз билан айтганда муҳтарам Президентимиз билан учрашиш, дилдан суҳбат қуриш бахти насиб этганидан мамнунман. Бу учрашув ҳаётимда муҳим сана сифатида муҳрланиб қолади ва мени улкан мақсад ва янги ғоялар сари етаклайди.

ДИЛНОЗА УМРЗОҚОВА

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!