НУРОНИЙ ОНАХОНЛАРГА КЎКРАК НИШОНЛАРИ
9 май –Хотира ва қадрлаш куни арафасида Гулистон шаҳридаги уч нафар 100 ёшдан ошган нуроний онахонларимизга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди.
– Бизни эъзозлаган, қилган меҳнатларимизни эслаб, қадрлаган давлатимиз раҳбарига мингдан-минг раҳмат! Умрлари узоқ бўлсин, – дейди Гулистон шаҳридаги Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи 103 ёшли Турдихол момо Тўғизбоева.
Худди шундай нишонни Улуғобод маҳалласида истиқомат қилувчи 93 ёшли Кашифа она Абдуллаеванинг ҳам кўксиларига тақиб қўйилди.
Юз билан юзлашиб, умри бўйи ватани, халқи учун меҳнат қилишган, суяклари меҳнатда қотган, бундан ташқари эл корига ярайдиган фарзандларни ҳам дунёга келтириб, тарбиялаб вояга етказган, ҳозирда набираю чеваралар ардоғидаги ушбу мўътабар онахонларнинг қўллари дуода, эртаю кеч юртимизга тинчлик-фаровонлик, раҳбарларимизга сиҳат-саломатлик ва узоқ умр сўраб ўтиришибди. Илоҳим, хонадонларимиз фариштаси –онажонларимиз доимо омон бўлсинлар!
Наргиза Тожибоева,Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси