Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁДАГИ МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИДА 372 НАФАРИ ФУҚАРОГА ЙЎЛЛАНМА БЕРИЛДИ

Гулистон шаҳрида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 372 нафар фуқароларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.
Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси – вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, мудофаа, бандлик бош бошқармалари, касб-ҳунар таълими бошқармаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Меҳнат ярмаркасида вилоятдаги 125 корхона, ташкилот ва муассасалар 4 минг 178 бўш иш ўринлари билан иштирок этиб, унда 5 минг нафарга яқин вақтинча ишсизлар, жумладан, хотин-қизлар, ўқувчи-талаба ва уюшмаган ёшлар, қуролли кучлардан захирага бўшатилганлар, жазони ўташ муассасаларидан озод этилганлар ҳамда алимент тўловчи фуқаролар иштирок этди.
– Ўғирлик жинояти билан икки ярим йилга қамалиб, жазо муддатини ўтаб чиқдим, – дейди Гулистон туманида истиқомат қилувчи Юсуф Камолов. – Оилалиман, бир нафар фарзандим бор. “Жиноятчи” деган тамға бўйнимга илинган бўлса-да, ҳукуматимиз мени кечириб, ёрдам берди. Гулистон туман тиббиёт бирлашмасига сантехникликка жойлашишим учун йўлланма олдим. Уйимга яқин, оиламни бағридаман. Ана шундай кечиримли юрт фуқроси эканимдан бахтиёрман. Ана шундай халқ парвар Президентимиздан бир умир миннатдорман.
– 2010 йил Тошкент давлат техника университетини тамомлаб, Ширин энергетика касб-ҳунар коллежида ишлаётган эдим, – дейди Боёвут туманида яшовчи Алишер Шукуров. – Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб штатим қисқартирилиши тўғрисидаги хабарномани олгач, бугун ўтказилаётган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасига келдим. Менга Ширин шаҳридаги “Фарход” ГЭС унитар колрхонасига ишга жойлашиш учун йўлланма беришди. Ниҳоят ўз мутахассислигим бўйича ишга жойлашаётганимдан хурсандман.
– V минтақавий ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режа жадвалига мувофиқ ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида 4 минг 500 дан ортиқ вақтинча ишсиз фуқролар иштирок этди, – дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Ғайрат Сарибоев. – Меҳнат ярмаркасида иштирок этганларнинг 372 нафарига: жумладан, 184 нафар битирувчи ва уюшмаган ёшлар, 53 нафар хотин-қизлар, 51 нафар ишсиз алимент тўловчилар, 53 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, 31 нафар муқаддам судланганларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
Шунингдек, 980 нафар фуқарога меҳнат қонунчилиги, иш жойини ўзгартириш, бўш иш ўринларида белгиланган кафолатлар ва имтиёзлар юзасидан малакали мутахассислар томонидан тушунча ва маслаҳатлар берилди.
Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида фаол иштирок этган корхона, ташкилот ва муассасаларга вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!