Click to listen highlighted text!

ЭНГ ФАОЛ ВА ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР БАҲСИ

Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, ўзи танлаган касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини шакллантириш, улар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш, инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга тадбиқ этиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш танловнинг асосий мақсади эканлиги таъкидланди.
Касаба уюшмасига аъзо бўлган турли соҳаларда фаолият юритаётган 35 ёшгача бўлган мутахассислар танловда иштирок этишди. Ҳар бир тармоқлардан ташриф буюрган иштирокчилар ҳужжатлар, тайёрлаган фотоалбом ва видеороликлари билан ўз кўргазмаларини ташкил қилдилар.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Камолиддин Акбўтаев сўзга чиқиб иштирокчилар сони йилдан йилга ошиб бораётгани, бу йил 2000 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этгани, уларнинг маҳорати ортиб бораётганлигини эътироф этди.
– Турли танловларда қатнашганман. Бироқ ушбу иштироким ва вилоятда “Энг фаол ёш олим” деб эътироф этилганим ўзгача ҳаяжонга солди,- дейди номинация ғолиби, Гулистон давлат университети Биология кафедраси доктаранти Бахром Алмаматов. –Устозим Ҳабибжон Қўшиев билан биргаликда “Картошка ривожланишига стероид бирикмаларнинг таъсирини ўрганиш” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқдаман. Мақсадим – вилоят ҳудудига чидамли, эртапишар, сифатли маҳсулот навини аниқлаш. Бу нафақат вилоятимиз, балки республикамиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга, чунки халқимиз севиб истеъмол қиладиган картошка маҳсулотининг деярли ярми юртимизга қўшни давлатлардан импорт қилинади.


“Энг фаол ёш шифокор” номинанти Сирдарё туман кўптармоқли тиббиёт маркази жарроҳи, тахсис бўлими мудири Алишер Яриевнинг оиласи деярли шифокорлар экан. Отаси Алижон Яриев узоқ йиллар тажрибали жарроҳ, онаси ҳамшира бўлиб ишлаган. Алишернинг турмуш ўртоғи эса вилоят ОИТС маркази лаборант шифокори. Ёш шифокор ўзининг 8 йиллик фаолияти давомидаги изланишларини 2 та илмий мақола ва 12 та тезисларида ёритган. У халқаро грант соҳиби. Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлигидаги “Ёш олимлар кўрик танлови” республика босқич қатнашчиси.
-Касаба уюшмалари меҳнат аҳлининг доимий кўмакчиси бўлган. У доим бизларни бирлаштириб туради. Ўзим ишлаётган Сирдарё туман кўптармоқли тиббиёт маркази касаба уюшмасининг фаолияти сўзимга исбот, -дейди ғолиб Алишер Яриев. – Ташкил этилган танлов касбимизга нисбатан фахр туйғусини шакллантириши, олиб бораётган фаолиятимизга рағбат назарини бериши билан эътиборли.
– Илк бор мана шундай нуфузли танловда иштирок этдим. Тўғриси, ғолиб бўламан деб ўйламагандим, – дейди Боёвут тумани “Жайхун баракаси” фермер хўжалиги рахбари, ёш фермер Азизбек Орзиқулов.- 34 гектар майдонга ғалла, пахта этиштириб, бўшаган ерга такрорий экинлар экамиз. 5 нафар доимий ишчимиз бор. Хўжалигимизга қарашли тикувчилик цехида 3 нафар ёшлар меҳнат қилмоқда. Дала меҳнати учун ҳам билимни доимий ошириб бориш зарурий ҳисобланади. Танловдаги иштирок давомида тенгдошларимнинг илғор фермерлик тажрибалари билан танишдим.
– Коллежни имтиёзли тамомлаб олий ўқув юртига ҳаракат қилдим. Икки йил ҳам омадим келмагач, опам ва акам ишлаётган корхонага ишга кирдим,- дейди “Фортуна текстил” МЧЖ ишчиси, “Энг фаол ёш ипакчилик саноати ходими” ғолиби Одина Холдорова. – Ўрта маълумот билан муваффақиятга эришиб бўлмайди деб ўйлардим. 6 йиллик фаолиятим давомида оддий ишчиликдан цех иш юритувчисига айландим. Ҳозирда 12 нафар қизларга бошчилик қиламан. Касаба уюшмаларининг ушбу танловида иштирок этиб касбимга меҳрим янада ошди.
“Энг фаол ёш тарбиячи”лар баҳси, айниқса, узоқ ва қизиқарли кечди. Низом шартларига мувофиқ қатнашчиларнинг ҳужжатлари, видеодарс жараёни, тест топшириқлари синовлари натижалари нуфузли ҳакамлар томонидан баҳоланиб борилди.
– Биз танловга пухта тайёргарлик кўрган эдик, – дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё тумани кенгаши раиси Мурод Ҳайитқулов. – Иштирокчимиз Маҳлиё Насриддинова биринчи босқичдаёқ ўз касбида маҳоратли эканлигини исбот этганди. Мамлакат миқёсида ҳам фаол бўлишига ишонамиз.
Тадбир якунида “Энг фаол ёш олим”, “Энг фаол ёш банк ходими”, “Энг фаол ёш тарбиячи”, “Энг фаол ёш шифокор”, “Энг фаол ёш ички ишлар ходими”, “Энг фаол ёш ипакчилик саноати ходими”, “Энг фаол ёш фермер” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга касаба уюшмаларининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Ғолиблар мамлакат босқичида иштирок этадиган бўлишди.

Озода МАМАДАЛИЕВА, “Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!