РАМАЗОН ҲАЙИТИ АРАФАСИДА САВОБЛИ ИШЛАР АВЖИДА
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йилда бошланган эзгу ишлар “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам тизимли давом эттириляпти. Мазкур жараёнда айниқса, касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар эътирофга моликдир.
Бугунги кунда мазкур дастурларга мувофиқ вилоят бўйича 275 та хонадон жорий таъмирдан чиқарилади, шунингдек, 770 та оилага маиший техника жиҳозлари олиб бериш, 66 та оиланинг тиббий ёрдамга муҳтож аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу йил Ширин шаҳридаги 25 та кам таъминланган, эҳтиёжманд, ногиронлиги бор фуқароларнинг хонадонларини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, шу кунларда улардан 3 таси тўлиқ таъмирланди.
Ширин шаҳар Фарҳод маҳалласида истиқомат қилувчи ҳамда боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи Мардона Муродованинг хонадони ҳам чиройли таъмирдан чиқарилиб берилибди. Хонадон бекаси уч нафар ўғилни ёлғиз тарбиялаб, қўли қисқалиги боис турмуш ўртоғи ҳаётлигида бошлаган ва чала қолиб кетган уй таъмири учун маблағ тополмай турганида Президентимиз ташаббуси билан бошланган хайрли ишлар унинг муаммосини ҳам ҳал қилиб берганини мамнуният билан сўзлаб берди.
Ширин шаҳрида Мирзо Улуғбек МФЙ да Қўзиқул ака Норматовнинг турмуш ўртоғи инсульт бўлиб, тўшакка михланиб қолган, қизлари турмушга чиқиб кетган, кексалар ёлғиз, таъмирланмаган квартирада яшашар, қийналиб қолишган эди.
-Бизларни эътибордан четда қолдирмаганлари учун давлатимиз раҳбари, касаба уюшмалари ва барча ҳомий ташкилотларга мингдан минг раҳмат, – дейди Қўзиқул ака. – Турмуш ўртоғим касал бўлиб, ётиб қолгач, доим ўйланиб юрардим. Уйга кирсам, юрагим сиқилар, таъмир учун пулни қандай топсам экан, деб бошим қотган эди. Рамазон ойида бизга ҳайит туҳфаси сифатида хонадонимизни чиройли таъмирлаб беришяпти, биз кексалар дуодамиз. Илоҳим, яхшилар доим бор бўлсин!
Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, уларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун махсус сертификатлар, дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозларини топширмоқдалар. Худди шундай сертификатлардан бирини олиб, пойтахтимиздаги “Шифонур” клиникасида ўнг кўзини жарроҳлик амалиёти ўтказиш билан даволатиб қайтган Ширин шаҳрилик Манзура Абдуқодированинг ҳам хурсандлигидан боши осмонда.
Касаба уюшмалари томонидан маиший шароитини яхшилашга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган, ногирон оила аъзоларини парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Ширин шаҳри Бунёдкор маҳалласида истиқомат қиладиган Ҳалима Ҳалимованинг невараси Шодия Ҳалимова кичик бўлишига қарамасдан юрагидан икки марта жарроҳлик амалиёти ўтказган. Ҳалима опа турмуш ўртоғи вафот этиб, фарзандларини ёлғиз кўз билан тарбия қилгани, бу ҳам тақдир синови эканлигини, бахтига Ўзбекистонда яшаши ва бу жаннатмакон юртда яхшилар кўп эканлиги ва ундан кўмакларини аямаётганлигини айтиб, Президентимиз, касаба уюшмалари, маҳалла фаолларини дуо қилиб қўлларини очади. Юртдошларимиз кўзлари тўла севинч-қувончни кўриш, улардан миннатдорчилик сўзларини эшитишдан кўра ёқимлироқ нарса йўқ дунёда.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилмоқда ва мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқда.
Эзгуликка йўғрилган мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда.
Зебо Ҳайдарова