Click to listen highlighted text!

МОҲИНУР – ЗАМОНАМИЗ АЁЛИ

      Раҳбарликка, изланиб янгиликлар қилишга болаликда кўпчиликда қизиқиш бўлади. Афсуски, келажакда бу орзулар рўёбини ҳамма ҳам кўра олмайди. Айниқса, қиз болаларда мақсадларини амалга оширишда кўплаб қийинчиликлар учрайди. Лекин, шукурки, сўнгги йилларда ўқимишли, фаол тадбиркор қизларимиз сони кўпайиб, улар учун оилада муносиб шароитлар яратилмоқда.
– Оилада акам, укам бор. Ота-онам қиз бола бўлишимга қарамай қизиқишларимга йўл очиб беришган. Ўзимни синаб кўришимга имконият яратишди. Турмуш ўртоғим ҳам мени ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар. Натижада бугун ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари бўлдим, – дейди Моҳинур Орзиқулова.
Оддийгина далада трактор ҳайдовчи ота ва касалхона ҳамшираси бўлган она қизалоғини бир ҳунарга ўргатиш мақсадида тикувчига шогирдликка беришди. Ўшанда ҳали мактабнинг 7-синф ўқувчиси бўлган Моҳинур устозидан игна тутиш сирларидан тортиб либослар дизайни, бичиш-тикиш сабоқларини олди. Кейинчалик Боёвут туман енгил саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, бозор ҳудудидаги тикувчилар устахонасини ижарага олди ва ҳарбий формалар, аёллар либослари ва пардалар тикиб юрди. Ўша кезлари ўзининг мўъжазгина тикув устахонаси бўлишини, шогирдлар тайёрлашни орзу қиларди. Юртимизда тадбиркорликка қаратилаётган кенг эътибор ва доимий маслаҳатлар натижасида қаҳрамонимиз бу йил ўз корхонасини очишга муяссар бўлди. Ҳунармандлар уюшмаси кўмагида 10 млн сўм миқдорида 7 фоизли кредит олди. 1-Боёвут саноат касб-ҳунар коллежи ҳудудида Ёшлар Иттифоқи кластери асосида ташкил этилган корхонада айни пайтда 7 нафар ишчилар меҳнат қилишмоқда. Буюртмага кийимлар тикишдан ташқари коллеж битирувчилари ва уйда ўтирган аёллардан шогирдлар тайёрлаш билан шуғулланишади. 10 га яқин турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, бугунги кунда қўшни вилоятлар бозорларига ҳам чиқарилмоқда. Ёшлар парвозга астойдил киришган, дейиш мумкин. Маҳсулотларини Тожикистон Республикасига ҳам экспортни бошлаб юборишган.
Эндигина 25 ёшни қаршилаган бу қақажон қизнинг шижоатига қойил қолмай илож йўқ. Корхона раҳбарлиги билан бирга айни пайтда туман ҳунармандлар уюшмасида бош мутахассис бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Яна турмуш, фарзанд тарбиясига ҳам улгуради.
– Дастлаб иш бошлаганимда, маошимга қизиқардим. Уни тўплашга, режали сарфлашга тиришардим. Тадбиркорлик натижасида ўз-ўзидан даромадлар ҳам ошар экан. Ва уни фақат фаолиятни кенгайтиришга сарфлашни ният қилар экансиз, – дейди ишбилармон Моҳинур.
Яқинда Ўзбекистон Либерал Демократик партияси вилоят Кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичида энг юқори натижани қайд этиб, Республика босқичига йўлланмани нақд қилган замонамиз аёлига муваффақиятлар тилаймиз.

Озода Мамадалиева

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!