Click to listen highlighted text!

“Янги аср кичкинтойлари” мактабгача таълим муассасаси – гулистонлик болажонларга туҳфа

          Президентнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида Гулистон шаҳрининг “Навбаҳор” маҳаласида 60 ўринга мўлжалланган “Янги аср кичкинтойлари” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Ушбу муассасада таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар томонлама соғлом ва билимдон этиб тарбиялаш учун барча шароит яратилган.Гулистон шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларида айни чоғда, шаҳардаги 19 давлат, 3 нодавлат мактабгача таълим муассасаларида 4 минг 846 нафар кичкинтойлар тарбияланмоқда.
Янги нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг ташкил этилиши билан 14 нафар мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлди.
– Янги жой олиб, уй қуриб ўша жойга кўчиб чиқиб, уйимиз ташландиқ ҳолатга келиб қолганди, – дейди “Янги авлод кичкинтойлари” нодавлат МТМ мудираси Сурайё Шарипова. – Дадамга шу эски уйимизни реконструкция қилиб, уй-боғчага айлантириш таклифини бердим. Онам ва акам мени қўллаб-қувватлашди.
Натижада лойиҳа қиймати 1 миллиард 300 миллион сўмлик ажойиб, мўжазгина мактабгача таълим муассасаси бунёд этилди.
Айни чоғда, русий забон фуқаролар фарзандларига мўлжалланган ушбу масканда ўзбек, рус, тожик, татар ва бошқа миллат вакилларининг 30 нафар фарзандлари камол топмоқда.
Муассасанинг ўзига хос жиҳати, бу МТМда тарбияланаётган болажонларни уйларидан МТМга қарашли махсус техникада олиб келиб, кеч тушгач, яна уйларига олиб бориб қўйилади. Ота-оналар хизмат сафари ёки бошқа сабаб билан ушланиб қолса, болажонлар шу ерда тарбиячилари қаровида қолдирилади. МТМда болажонларнинг ўйин, дам олиш, овқатланиш хоналари, алоҳида-алоҳида ечиниш, кийиниш, ювиниш, мусиқа хоналари ҳамда мўъжазгина спорт залчаси барча зарур қаттиқ, юмшоқ ва зарур мебель, жиҳоз, ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланган. Бу ерда болалар рус, ўзбек ва инглиз тилларида сабоқ олишмоқда.
Президентимизнинг Фармонига кўра жорий йил охирига қадар Гулистон шаҳрида яна 10 дан ортиқ нодавлат мактабгача таълим муассасалари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Озода Мамадалиева

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!