Click to listen highlighted text!

МУСТАҚИЛЛИК ТАДБИРЛАРИ БОШЛАНИБ КЕТДИ

                Ҳар йили мустақиллик байрамимиз юртимизда катта тантаналар билан нишонланади, эътиборлиси, байрамлар ҳар йили ўз шиори, ғоясига эга бўлмоқда.
Бу йилги байрам шодиёналари “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилади.
Касаба уюшма тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳам Мустақиллик байрамига катта тайёргарликлар кўрилади, кенг тарғибот ишлари, маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилади.
Куни кеча “ОқолтинДон маҳсулотлари”ҳиссадорлик жамияти фаоллар залида ўтказилган маънавият соати ана шу тадбирларнинг дебочаси бўлди. Тадбир вилоят Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева, Гулистон Давлат университети доценти, тарихчи олим Шомурод Бекмуродов ва бошқалар иштирок этдилар.
Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассиси Зебо Ҳайдарова олиб борди. Дастлаб иштирокчиларга касаба уюшма тизимидаги байрамга тайёргарликлар, байрам муносабати билан бериладиган дам олиш кунларида ташкиллаштириладиган ички туризм тадбирлари ҳақида маълумотлар берилди. Сўнгра сўз олган Гулистон Давлат университети доценти, тарихчи олим Шомурод Бекмуродов Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўзликни таниши, дастлабки қийинчиликлар ва эришилган ютуқлар ҳақида маъруза қилди.
“Оқолтин Дон маҳсулотлари” ҲЖ ишчи-ходимлари айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Ҳаётхон Ортиқбоеванинг чиқишини мамнуният билан кутиб олдилар. Опанинг Истиқлол ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, Биринчи Президентимиз ва унинг жасорати туфайли мустақиллигимизни асраб қолингани ҳақидаги сўзлари, ватанпарварлик туйғусига йўғрилган шеърлари олқишларга кўмилиб кетди.
– Мустақиллик байрами арафасида ўтказиладиган тадбирлар, ишга тушадиган янги объектлар, ижтимоий ва спорт иншоотларининг ишга туширилиши, умуман, барча амалга оширилаётган эзгу ишлар замирида Президентимиз таъбири билан айтганда, “инсонни рози қилиш, халқни рози қилиш” деган мазмун-моҳият ётибди, – деди ўз сўзида Ҳ.Ортиқбоева.
Шунингдек, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Икром Эрматов байрам арафасида корхонада ташкил этилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир сўнгида ҳиссадорлик жамияти директори ўринбосари Абдулла Холматов меҳнат жамоаси номидан маърузачиларга миннатдорчилик билдирди.
Шу куни маънавият тадбирлари Гулистон шаҳридаги кўп тармоқ поликлиника ва Гулистон шаҳар Болалар шаҳарчаси ишчи-ходимлари учун ўтказилди.

<center><b>ВКУТБ маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими</b></center>

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!