ЭНГ ЯХШИ ИННОВАЦИОН ЛОЙИҲА АНИҚЛАНДИ

            Гулистон давлат университети фаоллар залида Ўзбекистон республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Республика ихтирочи аёллар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” номли танловнинг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди. Тадбирни Гулистон давлат университети маънавий-маърифий ишлар проректори Р.Махмудов очиб берди.
Қувонарлиси, вилоятимиз ҳудудларидан 400 нафарга яқин хотин-қизларимиз ўзининг ихтиролари, рационализаторлик таклифлари, инновацион лойиҳалари билан ушбу танловда иштирок этиш истагини билдирдилар. Улардан энг муносиблари саралаб олиниб, вилоят босқичида иштирок этишди.
Олима ва тадбиркор аёллар, қолаверса, талаба қизлар томонидан тақдим этилаётган ихтиролар, инновацион лойиҳалар ўзининг бугунги кундаги долзарблиги ва мамлакатимиз иқтисодиётини бир қадам бўлса ҳам олдинга силжитишга ҳисса қўша олиши билан аҳамиятга молик бўлди.
Айтиш жоизки, танловда ёшидан, маълумотидан қатъий назар, барча хотин-қизлар иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Бу танловнинг бошқа танловлардан фарқи – бунда ғолиб битта бўлмай, балки қанча муносиб номзод бўлса, шунча номзодлар ғолиб бўлишидадир. 10 дан ортиқ номинацияларнинг 2та йўналишда, яъни 35 ёшгача ва 35 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар учун, белгилаб берилганлигининг сабаби эса уларнинг тажрибаси инобатга олинганлигидир. Ушбу танлов нафақат олима аёлларимизнинг илмий ишлари натижалари асосида, балки хаёлида жуда яхши ғоялари бор-у, лекин уни қандай амалга оширишни билмай юрган хотин-қизларимизга ҳам яхши имконият бўлди. Танлов иштирокчилари тақдимотлари экспертлар гуруҳи томонидан баҳолаб борилди.
Танлов якунида иштирокчилар вилоят ҳокимининг сертификати ва хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Номинациялар бўйича энг муносиб номзодларга республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмалар берилди.

Нигора Султонова,
Ихтирочи аёллар уюшмаси вилояти бўлими раиси

Print Friendly, PDF & Email

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *