ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН
Инсон манфаатлари деганда, аввало, инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш масаласи доимий эътиборда бўлган. Яқинда бўлиб ўтган тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган байрам дастурида ҳам ана шу жиҳат яққол намоён бўлди.
Сирдарё ҳудудида фаолият олиб бораётган қарийб 400 нафар соҳа ходимлари иштирокида байрам тадбири ташкил этилди. Дастлаб Гулистон шаҳридаги байрамона безак берилган Юрт байроғи майдонида меҳмонлар кутиб олинди. Она ҳайкали, А.Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими ташкил этилди.
Ёшлар маркази биносида вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев бошчилигида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Фидоий касб эгалари вилоят ҳокимлиги, врачлар ассоцияси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.
– Соҳанинг машаққатлари касбга тайёргарлик давридаёқ сезилади. Фидоийлик, масъулиятлилик каби фазилатлар эгаси бўлган инсонларгина саломатилк посбони бўлиши мумкин. Уларнинг касб машаққатларини билган ҳолда доимий равишда қўллаб-қувватлашга, иқтисодий, маънавий йўналишларда кўмак беришга ҳаракат қилмоқдамиз, -дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Раъно Абдалимова. – Тадбир муносабати билан 36 нафар фаоллар касаба уюшмаларининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. 2 нафар саломатлигини тиклаш истагида бўлган соҳа вакилларига бепул йўлланмалар тақдим этилди.
– Юртимизда соҳани ривожлантириш, касбий малака ошириш, муносиб меҳнат шароитлари ва рағбатлантириш тўғри йўлга қўйилган, -дейди Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ёрбек Маманазаров. – Тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим сифатларидан биридир. Ушбу вазифа бизнинг чекимизга тушган. Ҳамкасбларимиз билан биргаликда вазифамизни бажонудил бажаришга қасамёд қилганмиз.
Байрам тадбири “Марварид” тўйхонасида давом этди.
Озода МАМАДАЛИЕВА