МЕҲНАТ СОҲАСИДАГИ МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМАСИ
Йил давомида жамоа шартномалари бажарилишини таҳлил этиш жараёнида меҳнаткашлар томонидан бир қанча таклифлар билдирилади. Ушбу таклифлар хусусида бевосита фикр алмашиш, уларни тегишли ташкилот ва муассасаларга етказиш мақсадида Сирдарё вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра-суҳбати ўтказилди.
Жонли мулоқот тарзида ўтказилган давра суҳбатида меҳнат соҳасидаги муаммоли масалаларнинг катта қисмини шу жойнинг ўзида ҳал этиб, қолганларини тегишли корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда босқичма-босқич кўриб чиқиш белгиланди.
Давра суҳбатида вилоят ҳокимлигининг тегишли котибият мудирлари, Марказий банк бош бошқармаси, Молия бошқармаси, Адлия бошқармаси, бандлик бош бошқармаси, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш бошқармалари, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари иштирок этдилар.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов бошқариб борган ушбу давра суҳбатида Бандлик бош бошқармаси, Марказий банк бошқармаси, Молия бошқармасининг жойлардаги вакиллари долзарб мавзуда маърузалар қилдилар. Хусусан, вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурали Қурбонов 2018 йилда кутилаётган вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва 2019 йилнинг устувор вазифалари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Давра суҳбати иштирокчилари шу билан бирга иш билан таъминлаш, иш ҳақи ва меҳнат муҳофазаси масалаларида ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш йўллари тўғрисидаги Бандлик бош бошқармаси вакили Абдукамол Ҳакимовнинг маърузасини қизиқиш билан тингладилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
“Бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари тўғрисида”ги маъруза билан вилоят Молия бошқармаси бўлим бошлиғи Ойбек Сувоновнинг маърузаси иштирокчиларда катта тассуротлар қолдирди ва мунозараларга сабаб бўлди.
Тадбирда туман, шаҳар ва вилоят миқёсида жами 97 та муаммо кўтарилган бўлиб, шулардан 23 та муаммо айнан такрорланганлиги ва асосий 23 та долзарб муаммо кўтарилганлиги маълум бўлди.
Давра суҳбатида кўтарилган жами 23 та муаммоларнинг 17 таси маҳаллий миқёсда ҳал этиладиган, 6 таси эса Республика Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар орқали ҳал этиладиган муаммолардан иборат.
Маҳаллий миқёсда ҳал этиладиган долзарб муаммоларни ечимини топиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва касаба уюшмалари бирлашмасининг қўшма чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.
— Бундай давра суҳбатларининг ташкил этилиши касаба уюшмалари қуйи тизимлари фаоллари учун ҳам жуда муҳимдир, -дейди Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳусниддин Исмоилов – Биз соҳа мутахассисларидан ўзимизга керакли маълумотларни олдик ва уларни ўз фаолиятимиз давомида қўллаймиз.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири