Click to listen highlighted text!

ЯХШИЛИК УРУҒИ

Ўксик дилларга малҳам, дардманларга дармон улашиш халқимизга хос хусусият саналади. Сирдарё туманидаги 25 нафар эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш манзиллари таъмирлаб берилиши, 4 нафар уй – жойга муҳтож бўлган оила вакилларига хонадон берилиши айни қадриятнинг бугунги манзарасидир.
Сайёра Норматова уч қиз, бир нафар ўғлини ёлғиз тарбиялаб келмоқда. Фарзандларининг бир нафарида туғма ногиронлик бор. Доимий парвариш зарурлигидан муқим бир жойда ишлай олмади. Аҳволини тушунишганида ишлаб юрди. Бироқ, кўпинча мавсумий ишлар билан шуғулланишига тўғри келди. Фарзандлари мактаб, коллежга қатнаб, улғайиб қолишганига қарамай ижара уйларда кўчиб юришдан қутила олмади.
Яқинда Сайёра Норматова давлатимиз рахбарининг кам таъминланган оилаларни қўллаб – қувватлашга оид фармонига мувофиқ 2 хонали уй соҳиби бўлди. Уйга жойлашиб бўлиб жуда хотиржам бўлдим. Бунақа шинам ва чиройли уйни орзу ҳам қила олмасдим. Барча қулайлик ва жиҳозларга эга экан, – дейди Сайёра Норматова. – Xонадон туман марказида жойлашган, марказий поликлиника, касалхона яқин ҳудуддалиги фарзандимни доимий кўрикдан ўтказишимда қулайлик бўлди.
Қайта – қайта шукроналигини айтиб, миннатдорчилигини изхор этаётган хонадон эгалари уйни елиб, югуриб кўрсатишди. Қафасда боқилаётган ўн чоғлиқ қуёнларни кўрсатиб “қуёнларимиз ҳам яхши жойлашишди” деб қўйишди. Болаларнинг қуён боқиш ҳақидаги гапларидан билдикки, бу борада яхшигина тажриба орттиришибди.
Яхшилик шундай уруғки, уни қадаганимизда доимо униб чиқади. Ушбу барака уруғлари Сирдарё вилоятида ҳам салмоқли қадалди.

Шоира КОМИЛОВА,
Сирдарё шаҳри

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!