Click to listen highlighted text!

МУҲИМИ ХОДИМЛАР ХАВФСИЗЛИГИ

Эрталаб ишлаш учун келган ходимнинг саломатликда оиласи бағрига қайтиши иш берувчи зиммасидаги улкан вазифадир. Юз берадиган бахтсиз ҳодисалар ҳеч қачон бир –бирини такрорламаган. Шундай экан, қандай қилиб ходим ҳавфсизлигини таъминлаш мумкин? Эҳтиёт чораси битта, меҳнат муҳофазаси қоидаларига тўғри амал қилишдир.
Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаоллар залида қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган ходимлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида соҳа ходимлари учун ўқув-семинари ташкил этилди.
Давра суҳбатини бирлашма раиси Рустамбек Турсунмурадов олиб борди. Йиғилганларга қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш, фермер хўжалиги раҳбарининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиши, меҳнатда жабрланган ходимларга меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасини белгилаш тартиби тўғрисида мутахассислар томонидан маълумотлар берилди. Шунингдек, зарар тўловларини олиш ҳуқуқига эга шахслар ва боқувчисини йўқотган шахсларга тўланадиган зарар тўловларини тўлаш тартиби ҳақида тушунчалар берилди.
Маълумки, корхона, ташкилотларда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши лозим. Бундай талабларни бажариш иш берувчининг мажбуриятига кириши меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонун ва Меҳнат кодексида белгиланган.
Қолаверса, ходимлар сони эллик ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади. Албатта, тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Семинар давомида ушбу талаблар етарли бажарилмаётгани, меҳнатни муҳофаза қилиш вазифалари шунчаки раҳбарлардан бирининг зиммасига юклаш ҳолатлари учраётгани айтиб ўтилди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур маблағлар жамоа шартномасида ёки бошқа ички норматив ҳужжатларда белгиланган миқдорда ажратилиши ҳамда ходимлар ушбу умақсадлар учун бирор бир чиқим қилмасликлари белгилганган, – дейди бирлашма бўлим мудири Бозорбой Исматов. – Бироқ айрим бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар томонидан етарли миқдорда маблағлар сарфламаслик, ёки умуман сарфламаслик ҳолатлари учраб турибди.
Ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши касб касалликлари профилактикасининг энг самарали усули ҳисобланади.
Иш берувчилар янги ишга кираётган ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишмаяпти ёки суст даражада ташкил этилмоқда. Таъкидланганидек, бу борада касаба уюшма фаоллари, меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари томонидан тиббий кўрикнинг ўз муддатида ташкил этишда рахбарга талаб ва мурожаат қилишлари лозим.
Соҳа ходимларининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат қонунчилиги соҳасига оид муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан фикр- мулоҳазаси тингланди.
20 йилдан буён ушбу соҳада фаолият олиб бораман, – дейди “Ховосдон”АЖ касаба уюшмаси раиси Светлана Зайцова. – Корхонада етарли шароитни ташкил этишда касаба уюшмасининг ўрни бор. Иш берувчига мурожаат қилиш натижасида ҳар йили ходимларимиз саломатлигини суғурта қилиш, зарарли шароитда ишловчилар учун сут, қатиқ маҳсулотлари бериб бориш, иш берувчи маблағи ҳисобига ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш ишларини ташкил этиб келмоқдамиз.
Семинар якунида иш берувчилар учун, фермер хўжаликлари раҳбарлари учун меҳнат тўғрисидаги Қонун ҳужжатлари асосида ишларни ташкил этиш эслатмалари тарқатилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!