ФОРУМ ТАШАББУСЛАРИ – РИВОЖЛАНИШ ИМКОНИЯТЛАРИ
Жорий йилнинг 22 август санаси Сирдарё вилоят тарихида муҳим аҳамиятга эгалиги билан эсланадиган бўлди. Шу куни вилоятда илк бор Халқаро Инвестицион форум бўлиб ўтди. Тадбир давомида Сирдарё вилоятининг инвестицион салоҳияти хорижий инвесторларга намойиш этилди.
Мазкур халқаро миқёсдаги бизнес форумда дунёнинг 50 та мамлакатларининг 200 дан ортиқ иштирокчилари қатнашди.
Вилоят ҳудуди қулай географик жойлашуви билан биргаликда зарурий шароитларга эгалиги билан ҳам аҳамиятлидир. Айниқса, Марказий осиё аҳолисиниг учдан бирини электр энергияси билан таъминлаб берувчи Сирдарё иссиқлик электр станцияси мана шу манзилда жойлашганлиги алоҳида эътироф этилди.
Сўнгги йилларда вилоят саноатнинг кўпгина соҳаларида истиқболли лойиҳалар амалга ошириб, ишга туширилган корхоналарда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айтиш мумкинки, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг 35 та мамлакатига экспорт қилинмоқда.
– Форум доирасида Сирдарёнинг инвестицион салоҳияти, инвесторларга яратилаётган шароит ва имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустамбек Турсунмуродов. – Ушбу форум ҳамкорлар билан очиқ мулоқот қилиш имкониятини яратди. Форумдан келиб чиққан ташаббуслар ривожланишимиз имкониятлари бўлиб хизмат қилади.
– Форумда қиймати 250 млн доллорлик 30 га яқин лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди, – дейди истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари касаба ушмаси Республика Кенгаши нинг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Эргаш Бўриев. – Улар амалга оширилса, 10 мингга яқин вилоятлик иш ўринлари билан таъминланади деганидир. Бу эса аъзоларимиз сафи ортиши ҳамдир.
– Шу кунларда вилоятимиз ҳақида илиқ гапларни эшитаяпман. Унинг ободлиги, шаҳарлари гўзаллашаётгани ҳақида одамлардан, оммавий ахборот воситалари ёритаётган материалларда кузатиб бораяпман,- дейди Янгиерлик Чарос Муродова. – Айниқса форум бўлиб ўтган куни мамлакатимизнинг бутун диққат эътибори вилоятимизда бўлди дейиш мумкин. Шу куни эрта тонгдан юрт байроғи майдонига 65 метр баландликдаги байроқ ўрнатилди. Кўп сонли хорижлик меҳмонлар шаҳримизда бўлишди. Бу бизга фахр туйғусини бериб, тўлқинлантириб юборди. Ҳамма байрам кайфиятида бўлиб, илк бор ташкил этилган Гуллар фестивали, қуш байрами томошасида бўлди. Ҳар йили ўтказиладиган қовун сайли тадбири ҳам санъаткорлар иштирокида янада файзга кирди. Хорижлик меҳмонлар бизнинг байрамларимиз, етиштирган қовун маҳсулотларимизга ҳавас билан қарашганини кўриб, ғурурландик. Вилоятимизнинг бугунги мавқеи чинакам ривожланишимиз белгисидир.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»