Click to listen highlighted text!

ЭЪТИБОР СЕНГАДИР, КЕЛАЖАК АВЛОД!

Давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати ҳамда бошланаётган янги ўқув йили арафасида Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига мактаб сумкаси ва ўқув қуроллари тухфа этилди.

 Соҳада ҳалол ва виждонан хизмат қилиб, ҳамкасбларига намуна бўлиб келаётган, кўп фарзандли бўлган ишловчи ходимлар, шунингдек, хизмат вазифасини бажариш вақтида халок бўлган ходимлар оила аъзолари ва 70 нафар суюкли фарзанд тадбир қаҳрамони бўлишди. Унда бошқарма бошлиғи Шавкат Мавлянов сўзга чиқди ва фарзандларга шарафли ҳамда машаққатли соҳада хизмат олиб бораётган ота – оналари билан доимо фахрланишлари, ҳозирдан юксак фазилатли шахс сифатида шаклланишни мақсад қилишларига тилак билдирди.

Тадбир эртак қаҳрамонлари иштирокида байрамона тус олди ва болажонлар ўртасида ташкил этилган шеърхонлик, савол – жавоб шартлари билан қизиқарли кечди. Фаол иштирок этганлар китоблар, эсдалик совғалари билан рағбатлантирилиб, байрам дастурхони ёзилди.

– Тизимга қарашли кўптармоқли поликлиникада кичик тиббиёт ходими бўлиб ишлайман, – дейди Наргиза Содиқова. – 3 нафар фарзандим бор. Бугунги тадбирга 3 – синфга ўтган ўғлим Шоҳжаҳон билан келдик. У келажакда ички ишлар ходими бўлмоқчи.

– Бу йилги ўқув учун ҳали мактаб қуроллари олмаган эдим, – дейди Ховос тумани 12 – сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Соҳиба Қамрабоева. – Тадбирда севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини ёд айтдим. Тенгдошларим ҳам аъло баҳоларга ўқишларини исботлашди ва шеърхонликда фаол бўлишди.

 

 

Ҳамидулла АБДУЛЛАЕВ,

Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси

 бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси

(О.Мамадалиева уюштирди)

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!