УСТОЗЛАР КАСАБА УЮШМАСИ ЭЪЗОЗИДА
Шу номдаги республика кўрик – танловининг Гулистон шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Шаҳардаги 11- сонли умумтаълим мактаби биносида ташкил этилган танловда 18 та умумий ўрта таълим мактаблари бошланғич ташкилотларида фаолият юритаётган касаба уюшмаси қўмитаси раислари иштирок этишди.
Танлов 1 октябр -“Устоз ва мураббийлар” куни олдидан, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Алижон Мамарасулов, шаҳар халқ таълими бўлими мудири Шухрат Хусановлар иштирок этди.
Танлов низомига кўра иштирокчилар умумтаълим мактабларида 10 йиллик меҳнат фаолиятига эгалиги, бошқаларга намуна кўрсатиши, мактаб жамоаси касабақўм раиси бўлиши ва етакчилик қобилиятига эга бўлиши лозим.
Баҳолаш комиссияси томонидан иштирокчиларнинг ана шундай талабларга жавоб бериши, меҳнат фаолияти, жамоатчилик орасидаги ўрни ёзма савол – жавоб асосида, шунингдек, ижтимоий – иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоя ва меҳнат муҳофазаси, маданий – маърифий, спорт-соғломлаштириш, фаолиятини тарғибот – ташвиқот қилиш соҳаларида амалга оширган ишлари бошланғич ташкилотда юритилган меъёрий ҳужжатлар асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра 1-ўринга Гулистон шаҳридаги 2- умумтаълим мактаби касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ўринбоева Камола, шаҳар 3- умумтаълим мактаби касаба уюшмаси қўмитаси раиси Тағаева Гулчехра ва шаҳар 6 – умумтаълим мактаби касаба уюшмаси қўмитаси раиси Холдавлятова Хамидалар эса иккинчи ва учинчи ўринларга сазовор бўлишди.
Фарҳод ТАШТАНОВ,
Таълим, фан ва маданият
Ходимлари касаба уюшмаси
Гулистон шаҳар кенгаши раиси