Click to listen highlighted text!

ОРОМГОҲЛАР ҚУЧОҚ ОЧДИ

     Ҳар йилгидек, Сирдарё вилоятида 2016  йил ёзги соғломлаштириш мавсуми уюшқоқлик билан ташкил этилиб,  оромгоҳларда болаларнинг мазмунли  дам олишлари учун барча шароитлар яратилди.

     30 май куни вилоят ҳудудидаги 19 та мактаб қошида кундузги оромгоҳлар ўз фаолиятини бошлаган эдилар. Вилоятда “Кундузги соғломлаштириш оромгоҳида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш тартиби тўғрисида муваққат Низоми”дан келиб чиқиб, бу йил режага кўра 19 та кундузги болалар оромгоҳида 2800 нафар бола дам олдирилиши режалаштирилди. Кундузги оромгоҳларда 7 ёшдан  11 ёшгача бўлган болалар   икки сидрада 10 кундан  дам олдирилади.

       Бу йил  вилоятнинг 3 та стационар турдаги оромгоҳларида 2000 нафар бола дам олади.  10 июнь куни ушбу оромгоҳлар ҳам болажонлар учун  қучоқ очишди. Эрталабдан  200 нафар сирдарёлик болажонлар Зомин туманида жойлашган “Гулистон” стационар оромгоҳига жўнаб кетди.

       -Ушбу ёзги болаларни соғломлаштириш оромгоҳимиз тоғлар бағрида жойлашган бўлиб, баҳаво, мазмунли ҳордиқ чиқариш учун барча шароити муҳайё бўлгани учун ҳам  бу ерда дам олишни истаганларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров.

       Сирдарё тумани Шоликор СИУ ҳудудида жойлашган “Сирдарё” оромгоҳи бу йил ҳам уч сидрада 840 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олади. 10 июнь куни болалари билан бу ерга ташриф буюрган ота-оналар оромгоҳнинг шароити билан танишиб, қониқиш ҳосил қилишди.

     – Менинг ўғлим бу йил 2-синфни тугатди, фарзандим ёзнинг қайноқ кунлари оромгоҳда тенгдошлари, ака-опалари билан мазза қилиб, яйраб дам олиши учун “Сирдарё” оромгоҳига олиб келдим, – дейди Гулистон шаҳридаги “Қувонч” мактабгача таълим маскани тарбиячиси Б.Шералиева. – Оромгоҳнинг дарахтзор, соя-салқин ҳовлиси, биноларнинг таъмирдан чиқарилиб, чиройли жиҳозланиб қўйилганлиги, ошхонасининг замонавий эканлиги бизга жуда ёқди.

     -Мен бу оромгоҳга 5 бор келишим, – дейди Гулистон шаҳридаги 6- умумтаълим мактаби ўқувчиси Гўзал Мамедова. – Оромгоҳнинг тарбиячилари жуда меҳрибон, турли тўгараклар ишлайди. Мен ҳар йили бадиий гимнастика ва рақс тўгарагига қатнашаман, тўгарак раҳбаримиз Мадина опа бизга ҳар бир ҳаракатни қунт билан ўргатади. Бу йил мен билан оромгоҳга 5 нафар дугонам биринчи бор келишди. Ўйлайманки, оромгоҳ ҳаёти уларга ҳам ёқиб қолади.

       -Оромгоҳимизда бадиий-ижодий ҳамда спорт, инглиз тили тўгараклари ҳам фаолият юритади, уларда шуғулланиш болажонларимизга маъқул келиши аниқ, – дейди “Сирдарё” оромгоҳи бош етакчиси Умид Наврўзов.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!