ГУЛХАНЛАР ЁҚДИК, ПОРЛАНГ КЕЧАЛАР

             Олтин ёзни ҳеч ким болаларчалик интиқиб кутмаса керак. Ушбу фаслнинг биринчи кунлариданоқ мактаб партасида ўтириб толиққан ўғил-қизлар учун оромгоҳлар ўз бағирларини кенг очадилар.

          Ҳар йилгидек, Сирдарё вилояти ўқувчиларининг ёзги таътилларида кўнгилли ҳордиқ чиқариш учун катта тайёргарликлар кўрлган.  Шу кунларда вилоятдаги 2 та стационар оромгоҳда 520 нафар болажонлар яйраб дам олмоқдалар. Куни кеча Сирдарё туманидаги “Сирдарё” ёзги соғломлаштириш оромгоҳида оромгоҳнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

         – Оромгоҳимизда ҳар йили уч сидрада 800 нафардан ошиқ ўғил-қиз ҳордиқ чиқаради, – дейди тадбирда сўзга чиққан оромгоҳ раҳбари Мурод Аллаяров. – Уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида биноларимиз чиройли таъмирдан чиқарилган ва жиҳозланган, турли тўгараклар фаолият юритишмоқда. Биз оромгоҳимизни қўллаб-қувватлаган вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, қолаверса, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

          Оромгоҳ бош етакчиси Умид Наврўзов, мусиқа ва гимнастика тўгараги раҳбари Мадина Абдураҳмоновалар бошловчилик қилган очилиш маросими ҳар йилгидан-да кўтаринки руҳда ўтди. Болажонлар ижросида чиройли рақслар, қўшиқлар, шеърлар гулдурос олқишларга кўмилиб кетди.

           -Менинг қизим Жасмина Раимова “Сирдарё” оромгоҳига биринчи бор келиши, – дейди Ж.Раимованинг дадаси Нуриддин Ҳакимов. – Очилиш маросимига таклиф этганида тўғриси, онаси билан биз бу тадбирнинг бунақа чиройли байрам бўлишини кутмаган эдик. Болаларнинг иқтидорларини кўриб қойил қолдик. Оромгоҳнинг ётоқхонаси, ошхонаси, уларнинг саранжом-саришталиги, ҳовлисининг соя-салқин экани, муҳими, қизимизнинг бу ерда яйраб дам олаётганини кўриб, кўнглимиз тўлди.

           Юзу кўзларидан қувонч барқ урган болажонларни  кўриб, шоирнинг “Азизим, дунёга бевақт келибмиз….” сатрини эсладим. Тинч ва фаровон юртда ғам-ташвиш нелигини билмай ўсаётган ўғил-қизларга ҳавасим келди.  Мустақил Ўзбекистонимизнинг фарзандлари бахту камолига кўз тегмасин!

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email