МУВАФФАҚИЯТ ГАРОВИ – МАСЪУЛИЯТ ДЕБ БИЛМОҒИМИЗ ДАРКОР
Инсон комилликка интилар экан, бу йўлда илм эгаллаш билан мақсадига етади. Худди шундай, фаровон ҳаёт, кучли давлат қуриш орзуси илм – маърифат йўлидан борилганида эришилади. Бунга мисоллар тарихда ҳам, бугунги кунимизда ҳам мавжуд.
Давлатимиз раҳбарининг Олий мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидланганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос- бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик –бу илмсизликдир”.
Жорий йилнинг “Илм – маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили деб номланиши Ватанимиз тараққиёти учун янги истиқболли ишлар бошланишига асос бўлади.
Сабаби, замон талабларидан ортда қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўз устимизда ишлашимиз, билимимизни ошириб боришимиз керак.
Ватанимиз эртаси, келажаги учун муҳим бўлган ушбу Мурожаатномада барча жиҳатлар эътиборга олинган. Айниқса, аҳолининг ғамхўри, меҳрибони, ортидаги суянчи давлат ва жамият эканлигини сезиб яшаши лозимлиги тўғрисида билдирилган фикр ва таклифлар касаба уюшмалари соҳаси учун ҳам айни тегишли масала деб тушунаман. Шунингдек, ногиронлик, дафн маросими, боқувчисини йўқотганлик бўйича нафақалар, иш пайтида шикастланганлик учун товон пули каби тўловларни қайта кўриб чиқиб, “Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқиш ҳақидаги таклиф жуда ўринли ва соҳа мутахассислари дуч келаётган кўплаб муаммоларга ечим бўлди, дея оламиз.
Президентимиз ташаббуси билан вилоятимизда, хусусан, Сирдарё туманида хотин – қизларининг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб – қувватлашга қаратилган чора –тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи аниқлаган муаммолар ечими ушбу Мурожаатномада тўлиқ акс этганини тингладик.
Айтиш мумкинки, фаолият йўналишлари халқ ва давлат манфаатлари билан уйғун бўлган ташкилотимизнинг мақсад ва режалари янада кенг қамровга эга бўлиб, эзгу ишлар кўламини оширишга хизмат қилаётир.
Шу ўринда муваффақият гарови масъулият, берилган ишончни оқлаш тушунчалари эканлигини доимо ҳис қилиш, юкланган вазифаларни сидқидилдан бажариб, энг пок бўлган тушунча – ҳалоллик билан бажармоғимиз даркор. Зеро, таъкидланганидек, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси “Ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши зарур. Бу юксак фазилат ибрати ва сабоғини доимо эрта турган, оқни қорадан устун қўйган ва доимо шукурда бўлган нуронийларимиздан ўрганамиз.
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси раиси
Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Рустамбек ТУРСУНМУРОДОВ