20 НАФАР МЕҲНАТ ФАХРИЙСИГА САНАТОРИЙГА ТЕКИН ЙЎЛЛАНМА БЕРИЛДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб меҳнат қилсак тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодирмиз”, дея таъкидлаган эди.
Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Сирдарё туманида “Биз яхшилик занжирининг биримиз!” шиори остида бошланган умумхалқ ҳашари қизғин давом этмоқда.
Жойларда ҳашар, кам таъминланган ва ногиронлиги мавжуд фуқароларга оилаларга ёрдам сифатида амалга оширилаётган эзгу ишларда Сирдарё вилоят адлия бошқармаси жамоаси аъзолари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
– Бугун Сирдарё туманида улкан ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқдаки, албатта, бундай эзгу амалдан биз ҳам четда қолишни истамадик, чунки бизнинг жамоамиз ҳам Сирдарёда уланган яхшилик занжирининг бир ҳалқасимиз, – дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов. – Юрт ободлиги, фаровонлиги, тинч-осойишталиги йўлида барчамиз камарбаста бўлмоғимиз шарт.
Туманида давом этаётган умумхалқ ҳашари давомида саховат ишлари ҳам кенг қамровда амлага оширилаётир. Туманда истиқомат қилувчи 20 нафар меҳнат фахрийлари, илғор пиллакор, пахтакор аёлларга Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиздаги сиҳатгохларга текинга йулланма тақдим этилди.
Шунингдек, акция доирасида вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Носиров томонидан тумандаги умумтаълим ва ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактабларига вилоят ҳокимининг совғалари – турли спорт анжомлари топширилди.
Туманда ҳашар ишлари қизғин давом этмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири
Ф.ТОШМАТОВ, суратлар муаллифи