Click to listen highlighted text!

КАСАБАҚЎМ ҲИСОБ БЕРДИ

               Сардоба туманидаги 15-сонли умумтаълим мактаби энг чекка ва олис ҳудудда жойлашган. Шунга қарамай мактаб илғорлар сафида бўлиб, ўқувчиларнинг пухта билим олишларига хизмат қилмоқда. Соҳа ходимларининг ёш авлод олдидаги масъулиятини оширишда касаба уюшмаларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Тажрибали касабақўм раиси Саломат Жўраева фаолиятига берилган ижобий баҳо фикримиз исботидир.
Гап шундаки, жорий йилда касаба уюшмаларининг барча бошланғич ташкилотларида ҳисобот-сайловлари бўлиб ўтмоқда. Шундай йиғилишлардан бири мактаб жамоаси билан ўтказилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлими етакчи юрисконсульти Наргиза Асадова, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров ҳамда тармоқ касаба уюшмасининг вилоятдаги масъeл ташкилотчиси Алижон Мамарасуловлар иштирок этишди.
Йиғилишни тармоқнинг туман Кенгаши раиси Ҳабибулло Ўрозбоев олиб борди.
Ҳисобот даврида касабақўм тавсияси билан кўп болали, ижтимоий ҳимояга мухтож ишловчи ходимларнинг 17 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.
Мактабда “Соғлом турмуш тарзи”, “Ўзбекистон – ватаним маним” мавзуларида ҳамкор ташкилотлар билан маънавий-маърифий тадбирлар доимий ташкил этилди.
Касаба уюшмалари томонидан ўтказиб келинаётган турли танловларда фаол иштирок этишди. Жумладан, “Энг намунали бошланғич ташкилот”, “Устозлар –касаба уюшмалари эъзозида”, “Ўз касбининг моҳир эгалари” тадбирлари иштирокчиси бўлиб, танловнинг туман, вилоят ва Республика босқичи совринларини қўлга киритишди.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари таътил кунларини мазмунли ташкил этиш мақсадида бир қанча шаҳарлар ва тарихий қадамжоларга туристик саёҳатлари ташкил этилди. Касаба уюшмалари кўмаги билан ушбу саёҳатларга мактаб жамоасининг 58 нафар ходимлари жалб этилди.
Мактабда 55 ва 60 ёшга тўлган, нафақага чиққан таълим ходимларини эсдалик совғалар билан тақдирлаш анъанаси йўлга қўйилган. Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш мақсадида 4 дона сиҳатгоҳ йўлланмалари олиб берилди. Шунингдек, аъзолар фарзандлари учун оромгоҳ йўлланмалари харид қилинган.
Ҳар йили мактаб ходимлари туман миқиёсида ўтказиладиган саломатлик спартакиадаларида иштирок этиб келмоқдалар. Жамоанинг А.Хонкелдиевлар оиласи 2016 йили мусобақанинг вилоят босқичида иштирок этиб совриндор бўлди.
Мактаб меҳнат муҳофазаси бўйича олиб борилаётган ишлар назорати касаба уюшмаси томонидан тайинланган вакил орқали амалга оширилмоқда. Уларнинг ижобий ишлари натижасида ҳисобот даврида ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса рўй бермади.
Мактаб касаба уюшмаси фаолияти ва ҳисоботига мактаб директори Шухрат Ўсаров, ўқитувчилар Замира Гаппарова, Саъдулла Эшоновлар фикр билдириб қўмита фаолиятини қониқарли деб баҳолашди.
Шундан сўнг 5 нафар аъзолардан иборат янги қўмита очиқ овоз бериш йўли билан сайланди. Шунингдек, қўмита раислигига бир овоздан Саломат Жўраева номзоди сайланди. Шунинг билан тажрибали раис иккинчи маротаба жамоа ишончига муносиб кўрилди.
Шу куни етакчи юрисконсульти Наргиза Асадова мактаб жамоасига касаба уюшмалари тўғрисидаги янги қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳияти, ундаги ўзгариш ва ҳуқуқлар тўғрисида тўлиқ маълумот берди.

Ҳабибулла ЎРОЗБОЕВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари
Касаба уюшмаси Сардоба туман Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!