Click to listen highlighted text!

МУРОДИНГ БЕРАР ҚЎЛ БОР

Аёл ўзининг эмас, яқинларининг қувончи, соғлиғи, кайфияти учун қайғуриб, уларнинг саодати учун яшайди. Гулга қиёс бўлган хилқатнинг ўзи парваришга муҳтож бўлсачи? Баъзида синовларнинг кетма-кет келиши, курашиш фақат унинг чекига тушиши натижасида ожизликда қолади экан. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Сирдарё вилояти хотин-қизларининг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишида ана шундай кўмакка муҳтож бўлган аёлларга далда бўлиш мақсад қилинганлигига амин бўлдик.
Сирдарё вилоятида жами 10 та йўналишда аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Ўрганишлар натижасида дори-дармон хариди ва саломатлигини тиклаш учун жами 219 нафар хотин-қизларга моддий кўмак бериш режалаштирилган бўлиб, бугунгача 178 нафарига моддий ёрдам берилди.
Насиба Ғофурова Ширин шаҳри, Амир Темур МФЙда истиқомат қилади.
– Вақтида асролмадим, саломатлигимни йўқотдим, – дейди Насибахон. – Буйрак етишмовчилигидан азият чекаман. II гуруҳ ногиронлиги белгиланганидан кейин шифокорлар оғир меҳнат қилишимни таъқиқлашди. Ишламасам ёлғиз фарзандимни едириб-ичиришда қийналаман. Шунинг учун кўпинча ногиронлик нафақамни рўзғорга ишлатиб юбораман. Муолажа олишда эса…
Шу ерга келганида ожиз қолганидан гапира олмайди.
– Касаба уюшмасидан келишди, деб бизни хурсандчилик билан кутиб олишди, дейди вилоят бирлашмасидан Ширин шаҳрига бириктирилган вакил Санжар Тоғаев. – Аввалроқ вазиятни ўргангани келган эдик. Мана бугун хонадонда умид уйғонганини кўриб, ушбу хайрли ишда иштирок этганимдан мамнун бўлдим.

Қиш узун бўлмас
Ҳаётимиз давомида турли синовларга дуч келаверар эканмиз. Маҳсуда Эгамбердиева тақдири мисолида бунга яна бир карра амин бўлдик. Кечагина саломатлиги тўкис, ҳар куни ишга бориб келаётган эди. Кутилмаганда келган дард уни тинимсиз текширувлару, оғир муолажаларга рўбарў қилди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг ишлаб келаётган “Сирдарё ИЭС”АЖ нурчилари сафида меҳнатини давом эттиролмай қолди. Ўтган йилнинг кузидан буён уйда қолган, ёлғиз ўғли қаровида эди.

– Фарзандим ҳали ёш, бу йил 9 – синфни тамомлаш арафасида. Айни вояга етиш ёшида унга қараш ўрнига бетоб бўлганимдан кўп сиқилдим. Яқинларим “Қиш узун бўлмайди”, албатта, ташвишларинг арийди деб тасалли беришади, – дейди Маҳсуда Эгамбердиева. – Кўкрак бези саратони ҳасталигига чалиниб, бир неча курс муолажа олишимга тўғри келди. Ҳамкасбларим доимий қўллаб туришди. Бу орада маҳалладан, касаба уюшмасиданмиз деб хабар олишди, дори-дармон ва даволанишим учун етарлича моддий ёрдам беришди. Яқинда II гуруҳ ногиронлиги ва нафақа белгилашди. Мақсадим, шифокорлар тавсиясига амал қилиб, тезроқ соғайиб кетиш.
Шаҳарнинг Бунёдкор МФЙ, 14 – уйида истиқомат қилувчи Галина Пяткинанинг ҳам мунтазам дори-дармон олишга эҳтиёжи бор. Сурункали қандли диабет безовта қилади. Боқувчиси ҳисобланган ўғлининг ҳам хасталиги мавжуд бўлиб II гуруҳ ногирони ҳисобланади. Ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан касаба уюшмалари томонидан берилган моддий ёрдам саломатлигини тиклашда асқотишини айтиб миннатдор эканлигини билдирди.
Боёвут тумани Маданият МФЙлик Шоира Мамаюсупованинг турмуш ўртоғи Россия Федерациясидаги жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтамоқда. Доимий сиқилиш унинг саломатлигига таъсир қилди. Аёлда ревматоид артрид, қандли диабет касалликлари аниқланган.
Гулистон шаҳрилик Шаҳло Қаҳрамонова турмуш ўртоғи вафот этгач 3 нафар фарзанди билан ёлғиз яшаб келмоқда.
-Болаларим ҳали кичик, уларни едириб- кийдириш керак бўлган ватқда касаллик билан оғриб қолдим. Кимдандир ёрдам сўраш мумкинлигини билмас эдим, -дейди Шаҳло Қаҳрамонова. – Шундай вазиятимда эшигимни “Касаба уюшмалариданмиз”, деб йўқлаб келишди. Суяк емирилиши хасталигига чалинганман. Берилган моддий кўмак дорилар ҳариди учун асқотадиган бўлди, кўп рахмат.
-Вилоятнинг барча туман, шаҳарлари учун манзилли тадбирлар режаси белгиланган,- дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Рустамбек Турсунмуродов.- Хотин-қизларни қийнаб келаётган саломатликни тиклаш, бандлиги ва уй-жой билан таъминлаш, уй-жой таъмири каби асосий муаммоларга кўмак бериш ниятидамиз. Инсонга энг кераги саломатлик ҳисобланади. Тўрт мучанинг тугаллиги бошқа ташвишлар тугунини ечишга йўл очади. Демакки, муродга етиш учун, аввало, сиҳатлик бўлиши лозим. Аёлларимиз ўз муродига етишида касаба уюшмаларининг ҳиссаси, қўли борлигидан бахтиёрмиз.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!