ЭТАКЧИ ХИЗМАТИ-МАНФААТЛАР КАФОЛАТИ
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Мирзаобод туман Кенгаши вилоятда нуфузи баланд туман Кенгашларидан ҳисобланади.Тармоқларора ўтказилган турли беллашув, кўрик-танловларда ҳамиша пухта тайёргарлик кўрган, кучли жамоанинг бири бўлиб келмоқда. Доимо совриндорлардан бўлгани учун рақиблар эътиборига тушишган. Яна бир гап, кўпчилик орзу қилган муҳит айни шу Кенгашда мужассам: ўзаро самимий ҳурмат, меҳнатга яраша рағбат. Айниқса, ходим ва иш берувчи ўртасидаги “гап”лар ортиқча овоза-ю оворагарчиликсиз муҳокама билан ҳал этилади. Меҳнат қонунчилигининг бузилиши юзасидан тушган шикоят ва аризалар зудлик билан ўрганилиб, адолат қарор топишига эришилаяпти.
Фаолиятнинг бундай кечиши, шубҳасиз, Кенгаш раисининг масъулият ила етакчилик қилаётганини билдиради.
Баходир Ахроров туман Кенгашига етакчилик қилаётганига саккиз йил бўлди. Шу вақт мобайнида ўзининг ташаббускор ва жонкуярлиги билан аъзолар ишончини қозонди. Муҳими, уларни моддий ва маънавий қўллаб- қувватлашда сезиларли натижаларга эришди.
Баходирнинг кечагидек ёдида. 1992 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, туман мактабида ўқитувчилик билан меҳнат фаолиятини бошлади. Кўп вақт ўтмай туман касб-ҳунар лицейи ва касб хунар коллежида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, туман халқ таълими бўлими маънавий – маърифий ва спорт ишлари бўйича бош мутахассис лавозимларида фаолият юритди.
2012 йилнинг апрел ойида Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Мирзаобод туман Кенгаши раиси этиб сайланди. Бундай ишонч унинг зиммасига кўпроқ масъулият юклади. У касаба уюшма илмини ўрганиш, фаолиятни тўғри ташкил этиш, ўз устида тинмай ишлаши, изланиши зарурлигини қалбан ҳис қилди. Шу боис ўша вақтда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси бўлган Қаршибой ака Эшназаров, ташкилий бўлиб мудири Анорбой ака Ўринбоевлардан соҳанинг зарур билимларини ўзлаштирди. Уларни доимо тизимдаги биринчи устози деб атаб келмоқда.
Мирзаобод туман Кенгаши тасарруфида 59 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари бўлиб, 35 та умумий ўрта таълим мактаби, 17 та мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, касб-ҳунар коллежи, мактабдан ташқари муассасаси, спорт мактаби, мусиқа мактаби, маданият ташкилоти ҳамда 2 та бўлимлар фаолият кўрсатмоқда. Уларда 2 минг 590 нафар ходим меҳнат қилади.
Туман касаба уюшма ташкилотлари томонидан иш берувчилар ўртасида 2019-2021 йиллар учун жамоа шартномалари қабул қилинган. Жамоа шартномаларининг бажарилишига бағишланган умумжжамоа йиғилиши хар йили феврал ва март ойларида ўтказиб борилмоқда.
Жамоа шартномаси бандларининг бажарилиши натижасида ҳар бир ходимга 2 млн 380 минг сўмдан маблағ сарфи тўғри келмоқда.
Узтозларидан инсонларни меҳнатига қараб қадрлаш, ҳурмат қилиш сабоғини ўзлаштирган Баҳодир табиатан сабрли, оғир, босиқ ва яхши тингловчи. Аъзоларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш борасидаги саъй-ҳаракат ўзаро ҳамкорлик, меҳнатга яраша рағбатни таъминлаш баробарида касаба уюшма нуфузини ҳам ошираётир.
Туман Кенгаши фаолиятига назар ташланса, бу фикрларнинг ҳаққонийиги ўз исботини топади. Соғломлаштириш йўлланмаси бериш, соғлом турмушга даъват этувчи тадбирлар сони ортди. Баъзан дам олиш йўлланмасига талбагор, баъзан спорт тадбирига иштирокчи топа олмай “қўлдан келганча” иш олиб бораётган Кенгаш раисларига гувоҳ бўлганмиз. Мирзаободда бўлса, аъзоларнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Бунинг сири, албатта, етакчининг иш тутими билан боғлиқ.
Баходир Ахроров ҳар бир аъзонинг касаба уюшмаси ғамхўрлигини ҳис қилишига имконият ярата олган. Саломатлигини тиклаш, моддий ёрдам бериш, байрам тадбирларида рағбатлантириш, фарзандига мароқли хордиқ, саёҳат ва байрам дастур чипталари харид қилиш билан йил давомида ходим ҳаётида касаба уюшмаси аралашувини таъмин этиб келмоқда.
Айниқса, 4- умумтаълим мактаб ходими Нодира Абдуллаева касаба уюшмасидан жуда миннатдор бўлди. Сабаби аъзолиги нафақат ишида, шунингдек, оиласи учун ҳам афзаллик бўлди. Гап шундаки, бир неча йил фарзанд орзусида бўлган Нодирага “Умид гулшани” санаторийсига йўлланма беришди. Яқинда ўғил фарзандли бўлганлиги, бунда касаба уюшмасининг ғамхўрлиги алоҳида ўринга эга эканлигини айтиб миннатдорчилик изҳор этди.
– Ишдаги муносабатлар фақат меҳнат фаолиятидаги кўмакдангина иборат бўлмай, шахсий ҳаёт ва қувончли кунларни туҳфа этса, бундан қувонч ва шукроналик ҳиссини туясан, киши, – дейди қаҳрамонимиз.
Жорий йилда юз берган Сардоба сув омбори техноген фалокати натижасида тошқиндан туманнинг 4 та мактаб ва 2 та мтм ходимлари зарар кўришган. Синовли кунларида касаба уюшмаси ёрдами ўз вақтида берилди. Моддий ва маънавий қўлловга қўшимча равишда 64 нафар аъзолар учун бепул санаторий йўлланмаси, фарзандларига 92 та оромгоҳ йўлланмаси берилди.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Қалбларга мухрланган яхшилик, аввало, кўнгилдан чиқариб қилинган бўлиши керак. Бунда касаба уюшмаси тизими томонидан яратилган шарт –шароит, имконият, соҳа фидойиларининг жонбозлиги мужассам. Баходир сингари етакчилар ўз меҳнати билан эзгу амалларнинг кенг қулоч ёзишини таминлаётир.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»