ЭЗГУ НИЯТ НАТИЖАНИ БОР ҚИЛАР
Инсон борки, ўз устида ишлаши, кундан кунга хайрли амаллар, умрини яхшиликлар билан бойитиб бориши керак. Худди шундай, асосий мақсади ва бажарадиган иши одамларни рози қилиш, турмуш фаровонлиги яхшиланишига ҳисса қўшиш бўлган касаба уюшмалари ҳам мана шу ақидага амал қилади.
Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг навбатдаги ташаббуси Мустақилликнинг 30 йиллигига 30 та иш ўрни яратиш бўлди. Айни мақсад йўлидаги интилишнинг дастлабки самараси Наврўз айёми арафасида рўй берди. Бирлашма таъсислигида “KASABA SERVIS TRADE” МЧЖ ташкил этилди. Ихтиёр Алиев раҳбарлигидаги мчж бирлашма ҳисобида бўлиб, бўш турган жой ва бинони таъмирлатди. Бу ерда нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тикувчилик ва ошхона хизмати, спорт соғломлаштириш маскани ташкил этди. Шунингдек, ўқув хоналари тайёрлаб, ишсиз аёлларни касбга тайёрлаш курслари йўлга қўйилди. Ушбу хизматлар орқали айни пайтда 20 та янги иш ўрни яратилди.
-Ишга кириш ниятим бор эди. Қўлимда ёшлигимда ўрганган тикиш-бичиш ҳунарим бор. Фақат шароити ва вақти тўғри келадиган иш излаётган эдим, -дейди Робия Бўронова. – Ўзимга муносиб иш топдим деб ўйлайман. Бу ерда тикув машинаси, керакли иш қуроллари мавжуд ва асосийси, буюртмаларни иш берувчининг ўзи топиб тайёр қилади. 8 нафар хотин-қиз биргаликда иш бошлаяпмиз.
50 ўринли ошхонада Дилшод Иминов бош ошпаз бўлиб ишга қабул қилинди. 20 турдаги спорт қурилмалари келтирилган соғломлаштириш марказига ҳамманинг ҳаваси келади.
Халқ манфаати, юртимиз тараққиётига улуш сифатида амалга оширилаётган ишларга бирлашма ўз ҳиссасини қўшишнинг ҳар томонлама фойдали усулини танлади дея оламиз. Сабаби, кўрсатилаётган хизматлар бирлашма ходимлари вақтини тежайди, сифатли ва арзон нархдан барака топишса, уюшмага юмуш билан келган инсонларга ҳам қулайлик беради.
Дарвоқе, касаба уюшмаси тасарруфида бўлган “Сирдарё” болалар оромгоҳи ҳудудининг бўш ерларида иссиқхона қурилди. 5 сотихли майдонда 1 минг 600 туп помидор кўчатлари аллақачон жўякларга ўтқазилди. Қўшимча ерга саримсоқпиёз қадаб чиқилди. Яна 500 туп арча кўчатлари парвариши йўлга қўйилиб кўчат етиштириш хизмати йўлга қўйилди.
Сезганингиздек, буларнинг бари сердаромад соҳа бўлиши билан бирга соҳа фаолиятига айни мос келади. Томорқа маҳсулотлари оромгоҳнинг ўзида етиштирилиб мавсум давомида табиий ҳолда йиғиштириб олиниб болажонларнинг соғлом овқатланишини таъминлайди.
Шунингдек, бу ерда кўпайтириш нияти билан 30 бош қўй келтирилган эди. Айни пайтда жониворлар 7 бош қўзига кўпайди.
Бугун жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар, янгиликлар, қабул қилинаётган фармон-у қарорлар одамлар тақдирида акс этиши, уни ижобий томонга ўзгартиришини яхши англаймиз. Ушбу ислоҳотлар амалга ошишида фаол иштирокчи бўлиш ниятида бўлган касаба уюшмаларининг фаолияти кундан кунга кенг қамровли бўлаётир. Амин бўламизки, ният яхши, эзгу бўлса, натижа ҳам шунга муносиб бўлади.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»