ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МЕНИНГ НИГОҲИМДА
Ширин шаҳар 2-сонли умумтаълим мактабининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” мавзусида республика ижодий ишлар танловининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Иштирокчилар “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” мавзусида эссе ёзишди. Танлов низомида айтилганидек, ижодий ишлар орқали мамлакатимизда кузатилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиш жараёнларини ўқувчилар томонидан қандай қабул қилаётганлиги аниқланди. Шунингдек, олиб борилаётган ислоҳотларга ёшларнинг муносабатини ўрганиш ва тараққиёт келажагига дахлдорлигини англаштишда кўмакчи бўлади.
-Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар таълим тизими, ёшларга берилаётган сабоқни ҳам ўзгартиргани, ҳақиқат. Демократиянинг асосини ташкил этадиган фаол фуқаролик жамиятини айнан мактаб давридан тарбиялаш, шакллантириш бошланди. Мактабларда Тарбия фани ташкил этилгани ҳам бежизга эмас, -дейди мактаб она тили ва адабиёт фан ўқитувчиси Сабоҳат Нурбоева. – Авваллари “сиёсатга қизиқма” деган гаплар билан фарзандларда ўрганиш, ижодий, танқидий ва ностандарт фикрлаш кўникмалари ривожлантирмай келинган. Ушбу танлов ўқувчиларнинг айнан сиёсий онги ва маданиятини ривожлантиради, ватанпарварлик ҳиссини юксалтиради ва бор имкониятларни қадрлаш ҳиссини беради.
– Юртимиздаги вазият, юз бераётган воқеаларни телевизор, интернет тармоғидан ҳар куни кузатиб бораман, -дейди 11-“А” синф ўқувчиси Хуснора Чўлибоева. – Айниқса, яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Менинг Президентим” номли китоби мазмуни ҳақида устозимиз батафсил тушунтириб бердилар. Унда амалга оширилган барча ишлар тушунарли, равон баён этилган. Танлов учун ёзаётган ессемда китобдан олган таассуротларимдан фойдаланмоқчиман. Шунингдек, президент мактаблари, олий ўқув юртига кириш имтихонлари такомиллаштирилгани, имтиёзлар ҳар йили кўпаётгани, доимий равишда ёшлар рағбатлантирилаётгани ҳақида ёзмоқчиман. Ўзим ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги 30 йиллиги байрамига бағишланган ижодий танловда қатнашиб, вилоят босқичида 2-ўрин ва вилоят ҳокимининг ноутбук совғасини олдим. “Менинг Президентим” танлови бизни ватанимиз сиёсатини кўпроқ ўрганишга, тўғри тушунишга, келажагига қизиқишга ундайди. Танлов ташкилотчиларига рахмат.
Моҳира МИРЗАХОЛОВА,
Таълим ва фан ходимлари
Касаба уюшмаси
Ширин шаҳар Кенгаши раиси