БАЙРАМ ҚУВОНЧИ УЛАШИЛДИ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши фаоллари Сардоба тумани, Гулистон шаҳридаги “Улуғйўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб Янги йил арафасида «Темир дафтар»га кирган, 18 ёшгача фарзандлари бўлган боқувчисини йўқотган, ҳамда 18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бор оилаларга Президентимиз табриги ва Янги йил совғасини тарқатдилар.
Байрамни тўкин дастурхон, айниқса, янги йилни совғалар ила нишонлашга одатланганмиз. Шундай кунларда боқувчиси йўқ, камдаромад оилаларга байрам шодиёнаси ўтказиш бир ташвишдай гап. Лекин жонажон ватанимизда шодиёна шодлигини ҳамма туяди. Президентимизнинг ташаббуслари билан байрам арафасида эҳтиёжманд оиларларга моддий ёрдам бериладиган бўлди. Шунингдек, давлат раҳбарининг байрам табриги, касаба уюшмаси совғаси хонадон эгаларига, болажонларга байрамона тарзда топширилмоқда.
-Борганимизда “Президентимиз бизга табрик йўллабдиларми?”- дея қайта-қайта сўрашди. Хонадон соҳиблари кўнгиллари жўшиб, болакайларнинг табассумлари юрагидан тошганини кўриб, эзгу ишда кўмакчи бўлганимиздан хунсанд бўлдик, -дейди вилоят кенгаши раис ўринбосари Баходир Ҳамиджонов. – Кўпни кўрганлар айтганидек, кўнгилни обод қилиб, ўз кўнглингни ҳам кўтариш мумкин.
-Она ўз фарзандини қандай кўриниш, ҳолатда бўлса ҳам яхши кўради. Уни қувонтиргиси келади. Давлатимиз раҳбарининг эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш учун такрор-такрор қарорлар чиқараётганлирини шу ҳолатга ўхшатгим келади, -дейди Сардоба тумани, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулнора Умирова. – Фарзандимга ногиронлик ташхиси қўйилганида уни фақат мен яхши кўроламан, ўзгага кераги йўқ деб ўксинган эдим. Адашган эканман, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик барча болажонларга баравар экан. Бунинг учун кун-у тун дуодаман.
Касаба уюшмаси фаоллари эҳтиёжманд оилалар ва имконияти чекланган болаларга Президентимиз табриги ва Янги йил совғаларини улашишда давом этмоқда.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»