САМИМИЙ МУЛОҚОТ
Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2024 йилнинг Президентимиз томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб номланиши ҳам уларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Янгиер шаҳридаги Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида ЎКУФ Сирдарё вилояти кенгаши раиси иштирокида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқотининг моҳияти ҳам ёшлар билан самимий суҳбатлашиш, уларнинг қизиқишларини ўрганиш, таҳлил қилиш орқали муаммоларини ҳал қилишдан иборат.
ЎзКУФ Сирдарё вилоят Кенгаши таркибида 1543 та бошланғич ташкилотлари бўлиб, 177674 нафар аъзолари бор. Шулардан 63127 нафар(35 %)и 30 ёшгача ёшлар ҳисобланади. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун эса қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2020 йилдан “Ёшлар дафтари”нинг ташкил этилганлиги шаҳарлар, туманларнинг чекка маҳаллаларидаги ҳар бир ёшнинг рўйхатга олиниши имкониятини яратди. Эндиликда уларнинг интилиш ва қобилятларига қараб имтиёзлар ажратилмоқда,-деди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов,-ЎКУФнинг қарори билан ҳар йили олий таълимда таҳсил олаётган талабаларга касаба уюшмаси стипендияси ва соғломлаштириш учун йўлланмалар ажратилиши белгилаб қўйилган. Ноорганик моддалар кимёвий технологияси факультети талабаси Шахобиддин Норқулов шундай имтиёзга эга бўлганлардан. У касаба уюшмалари стипендиати . 2023 йилда 5 нафар ёшларга санаторийлар учун бепул йўлланмалар ажратиб берилди.
200 га яқин ёшлар Самарқард, Бухоро, Хоразм, Тошкент шаҳарларида саёҳатда бўлиб қайтдилар.
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида бугунги кунда 2650 нафарга яқин ёшлар ўқийди. Шулардан 1400 нафардан ортиғи таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олишмоқда. Самимий руҳда ўтган мулоқотда филиал директори Зафар Ҳакимов ёшлар билан ишлаш борасидаги келгуси режалар хусусида тўхталди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Жамол Андақулов бундай учрашувларни ташкил этишдан мақсад ёшлар муаммоларини ўрганиб, уларга ёрдам кўрсатиш, ташаббускор йигит-қизларни қўллаб –қувватлаш эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек йиғилганлар меҳнат ҳуқуқ инспектори Шириной Умаралиевадан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Меҳнат қодекси” тўғрисида, Кенгаш юридик бўлими бошлиғи Санжар Тоғаевдан “Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун” юзасидан қимматли маълумотларга эга бўлдилар. Учрашув чоғида ташаббускор, фаол ва иқтидор эгалари сўзга чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсати бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр билдиришиб, ўз таклифларини ўртага ташладилар.
Очиқ мулоқот сўнгида Санжар Каримов, Назокат Юсупова, Толибжон Қодиров,Маҳлиё Сафарова сингари фаол ва ўрнакли ёшлар рағбатлантирилди.
Баҳор Холбекова