МУЛОҚОТ НАТИЖАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг навбатдан ташқари 21-сессиясида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати муҳокама қилинди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси, Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоят ва туман ижроя ҳокимияти, ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши муносабати билан ҳамда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида амалга оширилаётган мазкур тадбир қонун ижодкорларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиш ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг моҳияти ҳақида сўз юритиб, айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг аҳоли билан мулоқотлари муаммоларга жойида ечим топиш ва ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланиши устидан парламент назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда уларга амалий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида салкам ўн кун давомида Боёвут туманида вилоятдан сайланган Олий Мажлиси Сенатининг 3 нафар аъзолари, Қонунчилик палатасининг 5 нафар депутатларидан иборат таркибда тузилган Ишчи гуруҳи аҳоли билан бевосита уйма-уй юриб учрашувлар ўтказди ва тегишли соҳаларни атрофлича ўрганди.
Сессияда, тумандаги ижроя ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар, таълим, тиббиёт ва бошқа ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, у ердаги олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги атрофлича таҳлил этилди. Ўрганиш давомида кўплаб аҳолини қийнаётган масалаларни жойида ўз ечимини топганлиги, туманда фаолият юритаётган ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари раҳбариятининг фуқаролар билан ишлаш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасидаги фаолиятида камчиликлар мавжудлиги очиқ-ойдин кўрсатиб ўтилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўрганиш чоғида, тумандаги 1 та шаҳарча ва 13 та қишлоқ фуқаролар йиғини тасарруфидаги 38 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги хонадонлардан 422 тасига ташриф буюриб, аҳоли томонидан кўтарилган 235 та муаммоли масалалар чуқур таҳлил қилинди. Буларнинг 33 таси жойида ҳал этилишига эришилди. 201 та муаммоли масала бўйича тегишли масъул идора раҳбарларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди. 24 та масала эса республика даражасида ҳал этилиши лозимлиги сабабли тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.
Ишчи гуруҳи аъзоларининг ўрганиш чоғида, жумладан,тумандаги Амир Темур, Садриддин Айний, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан жами 20 тонна чиқинди олиб чиқарилишига эришилди. Муқумий номидаги, Учтургон, Дўстлик, Соҳил маҳалла фуқаролар йиғинларидаги якка тартибдаги тадбиркорларнинг туман тижорат банкларидан боғдорчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, тадбиркорлик учун кредит олиш масалалари жойида ижобий ҳал этилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 17 та ноқонуний фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди ҳамда 3 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланди. 2 та кам таъминланган оиланинг 9 нафар аъзосини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши, 76 ёшли нафақахўр Норқул Бердиқуловнинг доимий врач кўриги назоратига олиниши таъминланди. 5 нафар кам таъминланган оила аёллари янги иш ўринлари билан таъминланди. Аҳолига суюлтирилган газ балонлари таъминотидаги муаммо бартараф этилди.
Шу ўринда, тумандаги 54 та умумтаълим мактаблари, 19 та мактабгача таълим муассасалари, 7 та касб-ҳунар коллежлари, 1 та шифохона, 26 та қишлоқ врачлик пунктлари, 1 та бозор, 87 та саноат корхонаси, бошқа ташкилот ва муассасаларда ҳам етарлича камчилик ва муаммолар мавжудлиги ҳам қайд этилди.
Мулоқот чоғида, кўплаб муаммолар ўз ечимини кутаётгани маълум бўлди. Жумладан, аҳоли томонидан йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари етишмаслиги, бу айниқса, касб-ҳунар коллежига қатнаб ўқийдиган ўқувчиларга қийинчилик туғдираётгани таъкидланди. Баъзи ўқув муассасаларидаги спорт заллари бугунги талаб даражасида эмаслиги, китоб фондлари камлиги, ўқув дарсликлари етишмаслиги, мактабгача таълим муассасаларида яратилган шароит кўнгилдагидек эмаслиги ва болаларни жалб этиш даражаси пастлигига алоҳида урғу қаратилди. Аҳолига коммунал, маиший ва савдо хизмати кўрсатиш даражаси ҳам паст. Электр, табиий газ, ичимлик ва оқава сув, тиббий хизмат ва дори-дармон таъминотлари сифати кўнгилдагидек эмас. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш машиналари жуда кам ва бу хизмат ҳамма жойга ҳам етиб бормаяпти. Ер ости сизот сувлари кўтарилиб кетиши натижасида, аҳоли турар-жой ҳовлисида сув кўллаб қолмоқда. Тумандаги деярли кўплаб муассасаларнинг истиш тизими кўнгилдагидек эмас. Тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам муаммолар мавжуд. Йўлларнинг ҳолати ҳам талабга жавоб бермайди.
– Ишчи гуруҳи томонидан Боёвут туманида фуқаролар, корхона, ташкилот, муассаса раҳбар, ходим ва ўқувчи-ёшлар билан ўтказилган учрашувлар, давлатимиз раҳбарининг таклифи, яъни жойларга бориб халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни тинглаб, муҳокама этиш нақадар тўғрилигини, ҳаётийлигини ва самарадорлигини исботлаб берди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бекзод Ортиқов. – Вилоят, туман раҳбарлари билан учрашувлардан сўнг аҳолини ўйлантираётган муаммоларнинг аксарияти ўз ечимини топди. Жумладан, суҳбатлар давомида жойларда юзага келаётган муаммолар, аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонлар ҳақида фикрлашдик. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат дастурининг ижроси, Қонунчилик палатасида амалга оширилаётган ишлар борасида тушинчалар бердик.
Халқ депутатлари Боёвут туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Ишчи гуруҳининг ўрганишлари натижалари атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Дилфуза Ўролова,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати