Click to listen highlighted text!

ЁЗ – ЎТМОҚДА СОЗ!

Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида соя-салқин оромгоҳларда болажонларимиз яйраб ҳордиқ чиқаришмоқда. Ушбу масканларда уларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказишлари учун барча шароит яратилган. Хусусан, Сирдарё туманида жойлашган “Сирдарё” оромгоҳи ўз бағрига олган ўғил-қизлар ҳар куни ташкил этилаётган  турли-туман, қизиқарли тадбирларда ўз қобилиятларини намоён этишиб, қувноқ вақт ўтказмоқдалар.

Куни кеча оромгоҳнинг 3-сменаси дам олувчилари учун оромгоҳнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимдан олдин оромгоҳга ташриф буюрган “Соғлом авлод учун ” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг вилоят бўлими раҳбари Юлдуз Усмонова ҳамда шоира Юлдуз Сорабекова билан болажонларнинг учрашув бўлиб ўтди. Тадбир шеърхонлик билан бошланди.

-Ўғил-қизларимизнинг классик адабиёт намоёндалари Муқимий, Алишер Навоий, Нодира ғазалларидан намуналарни ифодали ўқиб беришгани қалбимни ғурурга тўлдирди, – деди сўзга чиққан Юлдуз Сорабекова. – Шунингдек, уларнинг тилларида жаранглаган  ватанпарварлик йўналишида ёзилган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов,  Муҳаммад Юсуфларнинг шеърлари ҳам болажонларимизнинг қалбида Ватанга бўлган меҳрнинг куртак отганидан даракдир.

Тадбирда энг чиройли ифодали ўқиган ўғил-қизларга Ўзбекистон Халқ Демократик партияси вилоят бўлимининг совғалари – эртак ва шеърий китобчалар совға қилинди.

– Мен китоб ўқишни жуда яхши кўраман, – дейди 4-гуруҳ тарбияланувчиси Малика Султонова. – Шу боис ҳам бугун олган совғамдан хурсанд бўлдим. Албатта, китобни ўқиб чиқаман, дугоналаримга ҳам ўқишга бериб тураман.

Шундан сўнг “Соғлом авлод учун”  ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг вилоят бўлими мутахассислари томонидан болалар тиббий кўрикдан ўтказилдилар ва уларга ташкилотнинг эсдалик совғалари – футболкалар, оёқ кийимлари ва гигиена воситалари  топширилди.

– “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг вилоят бўлими бизнинг энг яхши ҳомийларимиздан, – дейди оромгоҳ директори Мурод Аллаёров. – Ҳар йили мавсумда дам олувчи болаларимизни тиббий кўрикдан ўтказишиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи тадбирлар ўтказишиб, фаол иштирокчиларга совғалар топшириб кетишади.

Оромгоҳ директорининг айтишича, бу ерда 10 та тўгарак муқим ишлайди, ҳар куни учтадан бештагача маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилади.

-Куни кеча 3-сменада  қабул қилиб олган болажонларимиз бугун эрталабдан ўзлари ёқтирган тўгаракларга аъзо бўлиб улгурдилар. Куни бўйи очилиш маросимига тайёргарлик кўришди. Кечқурун илгаригиларидан ҳам ажойиб концерт дастури бўлиши аниқ, – дейди оромгоҳ бош етакчиси Умид Наврўзов.

Ҳақиқатан ҳам кечқурунги очилиш маросими жуда дабдабали ўтди. Кенг, яхши ёритилган  майдонга йиғилган болажонлар дастлаб оромгоҳ директори Мурод Аллаёровнинг, кейин шоира Юлдуз Сорабекова, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Эркин Саидов ва бошқаларнинг чиқишларини қарсаклар билан кутиб олдилар. Тан олиш керак, Гулистон Болалар шаҳарчасининг “Камалак ”дастаси  ижро этган қўшиқ ва рақслар ҳаммани ҳайратда қолдирди. Яна ватанпарварлик мавзусидаги шеърлар янгради.  Турли қизиқарли чиқишлар гулдурос олқишларга сабаб бўлди. Оромгоҳнинг очилиш маросимига атаб тахлаб қўйилган ўтин ғарами ёқилгач, машъала болажонларнинг шодон қийқириқларига қўшилиб кўкка ўрлаши олам-олам завқ бағишлади. Оромгоҳнинг 3-сменасининг дастлабки куни ана шундай ўтди.

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!