Click to listen highlighted text!

ЧЕМПИОННИ ЯРАТГАН ИРОДА

Умиджонни мен биринчи бор қўл жанги бўйича мусобақада учратган эдим. Ўша пайтда телевидениега янги ишга келган вақтларим эди, қўл жанги мусобақасини ҳам биринчи бор томоша қилганман. Гулистон маданият ва истироҳат боғида ясалган саҳнада бўлиб ўтган бу мусобақа менда жуда катта тассурот қолдирган, айниқса, Умид Аҳмедовнинг иродасига тан берган эдим.

         Ҳаяжон ичида ундан илк интервьюимни олганим эсимда. Жисмоний чекланганлигини айтмасдан, кўнглига тегмасдан  қандай  чиройли суҳбат қилсам экан, деб томоша тугагунча бошим қотган эди. Аммо, унинг ҳаётга бўлган интилиши, қатъий иродаси, ўзига бўлган ишончини кўриб қойил қолганман.  Ёши  20 лар атрофида, қалби орзу-умидларга тўла йигит эди.

Қаҳрамоним 1997 йили Ҳиндистонда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан бронза медали билан қайтгани, 1998 йили Миср Араб Республикасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида чемпион унвонига сазовор бўлганини ғурур билан гапириб берган эди. Унинг атрофини ўраб турган сафдошлари – Ботир Миржалилов, Амир Ўроқов, Жўрабек Жумановлар ҳам дўстларига фахрланиб қараб турганлари кечагидек ёдимда. Мен ўшанда микрофонни уларнинг барчасига бирма бир тутган, ҳар биридан Умид ҳақида энг илиқ, энг самимий фикрларни олган эдим. Шундан кейин вилоят телевидениеси ҳамда матбуотида фаолият юритган давримда Умид Аҳмедовнинг халқаро ареналарда қучган зафарларини кузатиб бордим. Албатта зафарларга тўла бу йўл текис бўлмади. Жуда кўп қийинчиликлар, курашлар ўтди бошидан. Аммо,  Умиджон руҳан синмади.

– Спорт клубимиз 1998 йилда ташкил топган бўлиб, ҳар йили спортчиларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келишди. Мен клубни 2000 йилдан бошлаб бошқариб келяпман. Айнан 2000 йили Биринчи Президентимиз Фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвонига сазовор бўлдим. Албатта, ушбу спорт тадбирларига ташриф учун ҳомийлар кўмаги талаб этиларди. Дастлаб бу унчалик қийин кечмади. Аммо,  2003 йилда ўша вақтда вилоятимиз раҳбарининг қабулига кирганимда, “сенинг спорт клубинг бизга нима қилиб берарди? Олимпиадада қатнашиб, ўроғимни ўриб берасанми?” деган гапни эшитдим, – дейди Умиджон. – Ўша пайтда ИИБ га қарашли “Динамо” спорт залида фаолият юритар эдик. Раҳбарнинг бир имоси билан бизни у ердан чиқариб юборишди. Фаолиятимиз тўхтаб қолди. Шунда спорт клубини Жиззах шаҳрига олиб кетишга мажбур бўлганман. Яхши кишиларнинг кўмаги билан ўша йили жаҳон чемпионатида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритган эдим.

Эсладим. Оилавий “Ахборот” дастурини кўриб ўтиргандик ўшанда. Спортчиларимизнинг Болгарияда бўлиб ўтган Армрестлинг бўйича жаҳон чемпионатидан  медаллар шодаси билан қайтгани ҳақида қувончли хабарни кўриб, шодланиб ўтиргандик. Умид Аҳмедовнинг интервьюсини беришди. Титрда  “Умид Аҳмедов, Жиззах шаҳри”  деб ёзиб қўйилган эди.  “Нега Сирдарё  эмас, Жиззах?” деб  ҳайрон бўлганман. Ўша пайтларда ўғлим Камрон туғилган, декрет таътилида эдим. Таътилдан қайтиб, ишга чиққач, съёмкалар пайтида яна тақдир Умид Аҳмедов билан учраштирди. Бу пайтда Умиджон 5 карра жаҳон чемпиони, яна қайтиб Гулистон шаҳрида фаолият юритаётган экан.

– Спорт клубимизнинг Гулистон шаҳрига қайтиб келганини ота-оналар, кенг жамоатчилик хурсанд билан кутиб олишди, – дея эслайди Умид Аҳмедов.- Эсимда, дастлабки ҳафтадаёқ  икки гуруҳимиз ҳам лиқ тўлган эди. Машғулотларни завқ-шавқ билан бошлаб юбордик. Болалар жон-жаҳдлари билан шуғулланишар, уларни рағбатлантириш учун турли тадбирлар, кичик турнирлар ташкил қилардик. Бу пайтга келиб, менинг биринчи сафдошларим – Амирбек Ўроқов, Ботир Миржалилов ва бошқалар аллақачон олий ўқув даргоҳини тугаллаб, бири мактабда, яна бошқаси ўрта махсус таълим даргоҳида, хуллас, мустақил фаолият юритишар эди. Аммо, ҳар бири менга ва спорт клубимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келди, ҳеч қачон севимли спортларини ташлаб қўйишмади.

“Сиз-чи? Сиз олийгоҳда ўқимадингизми?” деган саволни ножўя берганимни Умиджоннинг хомуш тортган юзидан дарров англадим.

– Йўқ, опа, мен қурилиш касб-ҳунар коллежи дипломи билан қолиб кетдим. На кетма-кет жаҳон чемпиони бўлганлигим, на жисмонан чекланган эсам-да ҳаётга, илм олишга бўлган интилишим мени олий ўқув юртининг жисмоний тарбия факультети талабаси бўлишимга ёрдам бера олмади, – деди Умиджон ғамгин тортиб. – Аммо, мен барибир, ўз йўлимни топиб олдим. Ватанга керакли,  муносиб, халқаро ареналарда юрт байроғини кўтара оладиган  спортчи шогирдлар тайёрлаш учун ўзимда куч топа олдим. 2005 йилда  навбатдаги чемпионатдаги ғалабам ва спортни ривожлантиришдаги камтарона  хизматларимни  ҳичобга олиб “Жасорат” медали билан тақдирлашди.  Шогирдларим –Фарҳод Худоёров,  кўп маротаба Осиё чемпионати иштирокчиси, 2007 йилда Болгарияда ўтган жаҳон чемпионатида  кумуш медал соҳиби бўлди. Шерзод Раҳмонов, Нодир Худойбердиев,  Фаррух Асқаровлар  2012 йилда Осиё чемпионати чемпиони бўлишди. Уларнинг кўплигидан, барчасини дарҳол эслай олмайман ҳам (кулади).

Бугун Умид Аҳмедов 11 карра жаҳон чемпиони. 2016 йили Польша давлатида бўлиб ўтган Армрестлинг бўйича жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашиб, ўн биринчи маротаба жаҳон чемпиони бўлди, ўзи айтгандек, халқаро майдонда Ватан байроғини юқори кўтарди. Бугунги кунда у бошқараётган, Гулистон шаҳар БЎСМга қарашли  Армрестлинг спорт клуби  нафақат республикада, балки чет элларда ҳам  машҳур. Аммо, Умиджон ҳамиша эл фарзандлари ғами билан яшайди:

– Биласиз, шогирдларимнинг жаҳон чемпионатларида муносиб қатнашишлари учун бор кучимни аямайман, ўтган йили Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон боксчиларининг ғалабасини қувонч ҳамда ҳавас билан кузатдим. Менинг ҳам шогирдларим шундай эъзоз ва эътирофга сазовор бўлишлари, чемпионатлардан медаллар шодаси билан қайтишини ният қилдим.  Шу йилнинг 5-11 июн кунлари Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида  олти нафар шогирдим иштирок этиб, 1 та олтин, иккита кумуш, иккита бронза билан қайтишди. Аммо, сизга ростини айтаман, ушбу сафарни ташкил қилиш менга жуда оғир бўлди. Ҳомийларимиз(иккита йирик ташкилот) юқоридан олинган топшириққа биноан бизга ажратишга мўлжаллаган маблағни  вилоят футбол федерацияси ва Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг вилоят бўлимига ўтказиб берибдилар. Бизга ёрдам беролмадилар. Аммо,  “Дунёда яхши инсонлар кўп” дейишганидек, машаққатли изланишларимиздан кейин бизга ҳам ҳомий топилди. Чемпионат бошланишига саноқли кунлар қолганда Гулистон шаҳрилик саховатли инсон, тадбиркор Ботир Ашуров бизга кўмакка келди. Ота-оналар ўзлари ҳам қараб турмадилар. Топганларини бизга тутишди. Аммо, шунга қарамасдан қийинчилик билан бориб келдик. Ишонасизми, охирги куни оч ҳам қолиб кетдик. Аммо, болаларнинг руҳлари тушмади, натижа юқорида айтганимдек – 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза.

У бир оз тин олиб, ўйга ботди ва шундай деб суҳбатимизни якунлади:

– Баъзи раҳбарлар фақат ўзлари севган спорт турини қўллаб-қувватлайдилар, бошқа спорт турларига паст назар билан қарайдилар. Бу бор гап. Аммо, шу спорт турини ҳам болалар севиб, шуғулланяптилар-ку? Ота-оналар ўзлари етаклаб келяпти спорт клубимизга. Кўча-кўйда қолиб, ёмон йўлларга кириб кетмасин, соғлом турмуш тарзини ўргансин, ҳарбий хизмат учун тоблансин, машҳур спортчи бўлсин дея турли яхши умидлар билан олиб келишяпти жигарбандларини. Шуниси баъзан кўнглимни оғритади. Аммо, мен барибир ўзим севган, ўз ҳаётимни бағишлаган спорт турим учун курашавераман.

Қаҳрамонимиз оилали, гулдек турмуш ўртоғи –Зебохон унга икки ўғил ҳадя этган. Қуйиб қўйгандек отасига ўхшаш икки ўғлоннинг келажакда ким бўлишига асло шубҳа йўқ. Спортчи, чемпион бўлишлари аниқ.

         Мақоламни якунлар эканман, матонатли инсонлар сафимизда бор экан,  юртимиз келажаги бор, фарзандларимизнинг эртаси порлоқ бўлиши аниқ, деган фикрлар ўтди кўнглимдан.

 

 

 

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!