ИШДАН БЎШАТИШ ТЎҒРИСИДАГИ ФАРМОЙИШНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ ЯНГИ ФАРМОЙИШ БИЛАН
Зулфия Унгалова Мирзаобод туман ҳокимлигига хотин – қизлар масалалари бўйича мутахассис бўлиб ишга қабул қилинган эди. Бироқ иш берувчи у билан тузилган меҳнат шартномасини 4 июн санасида унинг синов муддатидан ўтолмагани важини келтириб, бекор қилиш тўғрисида фармойиш чиқаради.
Меҳнат ҳуқуқлари поймол бўлганини сезган Зулфия вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг юридик бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Чиндан ҳам, мурожаат жойига чиқиб ўрганилганда ходимнинг синов муддатидан ўтолмаганлигини асословчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Оқибатда иш берувчи Меҳнат кодексининг 87 – модда талабларини қўпол равишда бузганлиги ойдинлашди. Натижада 19 июл санасида туман ҳокими ўзининг 4 июн санасидаги ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармойишини бекор қилиш тўғрисидаги янги фармойиш имзолади. Бунга асос қилиб вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тақдимномасини келтирган.
Ходимнинг ҳуқуқлари тўлиғича тикланиб, Зулфия Унгалова ўз ишига тикланди ва бир ярим ойлик мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи тўлаб берилди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири