Click to listen highlighted text!

ЯНАДА ФАОЛ БЎЛИШГА РАҒБАТ

     Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мажлислар залида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳузурида янги ташкил этилган Ахборот-таҳлил маркази раҳбари Шоқосим Шоисломовнинг газета мухбирига берган интервю мақоласи  ҳақида давра суҳбати бўлиб ўтди.

  Ўзаро фикр алмашув тарзида кечган суҳбатда бирлашма ходимлари, тармоқ касаба уюшмаси масъул ташкилотчилари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

  «Ижтимоий ҳимоя сўзда эмас, амалда бўлиши керак» мақоласида билдирилган фикрлар мазмуни муҳокама қилиниши билан бирга, йил бошидан буён бажарилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Эришилган натижалар билан биргаликда йўл қўйилган  камчиликлар ҳам очиқ ойдин айтиб ўтилди.

    Мақолада айтилганидек, касаба уюшмаси мамлакатимиздаги энг оммавий жамоатчилик ташкилоти ҳисобланади. Давлатимиз танлаган йўл, бошлаган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш учун касаба уюшмалари ҳам  ўз роли ва йўлини белгилаб олган. Тизим томонидан олиб борилаётган мулоқотлар, муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилиш жараёни шаффоф тутилиб, амалдаги ҳаракатлар халққа  рўй –  рост маълум қилинмоқда.

   – Тизим олиб бораётган вазифаларга халқаро ташкилотларнинг муносабати, керак  бўлса, эътирофи, ҳамкорилги аниқ мисоллар билан пухта таҳлил қилинган. Буларнинг барчаси соҳа  ходимларини янада унумлироқ, янада фаолроқ ишлашга,  меҳнаткашларнинг ҳақ – ҳуқуқларини доимий таъминлашга ундаши  аниқ –  дейди бирлашма раиси Рустамбек Турсунмурадов.

    Касаба юшма фаоллари йил бошида тузилган режага яна бир карра эътиборли бўлиш, ўз ўзига ҳисоб бериб келгуси фаолият ҳақида янаям аниқроқ режалар тузиш тўғрисида  келишиб  олишди.

 

     Озода  МАМАДАЛИЕВА,

     «Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!