КУЧЛИ ШАХМАТЧИЛАР АНИҚЛАНДИ
Бу гал “Зомин” оромгоҳи ўз бағрига шахматчиларни чорлади. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишлаб спортнинг шахмат тури бўйича “Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгаши кубоги” мусобақалари бўлиб ўтди. Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши томонидан тизимдаги ходимлар ўртасида ўтказилган мусобақалардан асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали меҳнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, ходимларни турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи асослари орқали муҳофаза қилиш, аҳоли ва ёшларда спортнинг жисмоний тарбия ҳамда оммавий турларига қизиқиш уйғотиш ҳамда спортнинг ақлий тури бўлган шахматнинг оммавийлигини оширишдан иборатдир. ЎКУФ вилоят Кенгаши, вилоят спорт бошқармаси ҳамда вилоят шахмат Федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган бундай мусобақаларда кучлилар сараланмоқда. “Зомин” оромгоҳида ҳам давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимларидан иборат шахматчи эркаклар ва аёллар ўртасида муросасиз беллашувлардан сўнг ғолиблар аниқланди. Унга кўра фахрли 3-ўрин вилоят ИИБдан Асадбек Худойбердиев, вилоят давлат солиқ бошқармасидан Тўлғоной Ортиқовалар, 2- ўрин республика марказий банки вилоят бош бошқармасидан Бобуржон Муродов ҳамда Мирзаобод тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимидан Сайёра Жўраеваларга насиб этди. Ғолиблар- Оқолтин туман ҳокимлигидан Камрон Абдумажидов ҳамда вилоят молия бошқармасидан Нилуфар Масутовалар мусобақанинг вилоят босқичига йўлланма олдилар.
Умид Азаматов