БАЙРАМ ТАДБИРИ БЎЛИБ ЎТДИ
Бугун Гулистондаги “Зомин” тантаналар саройида 11 ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тўкин дастурхон атрофида тизимда ишлаб кетган фахрийлар, нуронийлар, айни пайтда фидойилик кўрсатаётган ходимлар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишди. Вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов олижаноб мақсад йўлида хизмат қилаётган барча касаба уюшмалари ишчи-ходимларини, касаба уюшмалари аъзоларини қутлар экан, касаба уюшмалари меҳнаткашларни бирлаштириб, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшишдек вазифаларни адо этиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Сўнгра тизимда масъулият билан меҳнат қилиб, ҳурмат ва эътибор қозонган ва қозонаётган бир гуруҳ фаолларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғаларини тантанали топширди. Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Алишер Муллабеков йиғилганларни байрам билан муборакбод этди.
-Мен учун бу байрам ўзгача бўлди,- дейди Гулистон давлат педагогика институтининг педагогика факультети III-босқич талабаси Моҳинур Холтўраева,- Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш танлови ғолиби сифатида вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродовдан “Касаба уюшмалари стипендианти” сертификатини қабул қилиб оларканман ёшларига ғамхўр, инсон қадри улуғ бўлган юрт фарзанди эканлигимдан чексиз фахрландим.
Мирзаобод туман политехникуми кутубхоначиси Роҳатой Холжигитованинг ҳаяжони ҳам бир олам эди. Байрам тантаналари давомида унга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийда бепул соғломлаштириш йўлланмаси топширилди.
Шу куни касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда ўзларининг самарали меҳнати билан ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаоллар кўксини “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” кўкрак нишони безади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Собиржон Мўминов ҳамда Асадулла Холиқовлар, касаба уюшмалари вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мақом кўрик-танлови ғолиблари ижросидаги гўзал қўшиқлар байрамга ўзгача тароват бағишлади. Барчанинг кўнгиллари хуш, қалблари чароғон бўлди.
