ҒОЛИБЛАР АНИҚЛАНДИЛАР
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ва Тошкент Давлат юридик университетининг қўшма қарорига асосан барча ҳудудларда, шу жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танлови ўтказилди.
Танловнинг дастлабки босқичлари вилоятимизнинг барча ўрта-махсус таълим масканларида ўтказилиб, ҳар бир муассасадан юқори натижага эга бўлган бир нафардан билимли ёшлар танловнинг вилоят босқичида қатнашдилар.
Илгари хабар қилганимиздек, вилоят босқичида 1-ўринни Гулистон компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг 1-босқич ўқувчиси Умида Абдувалиева, 2-ўринни Гулистон 2-академик лицейининг 1-босқич ўқувчиси Дурдона Маматқулова, 3-ўринни Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежининг 1-босқич ўқувчиси Файзулла Ўлмасовлар эгаллаган эдилар.
Яқинда ушбу танловнинг республика босқичи ўтказилди. Қувонарлиси, унда бизнинг вакилларимиз ҳам муносиб иштирок этдилар. Танлов натижасига кўра 2-ўринга Гулистон 2-академик лицейининг 1-босқич ўқувчиси Дурдона Маматқулова сазовор бўлди ва у Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг дипломи ва қимматбаҳо совғасига сазовор бўлди.
Ш.Умаралиева, юридик бўлими мудири