МАҲАЛЛАНИНГ ЭНГ ЯХШИ ТАДБИРКОР АЁЛИ
Юртимизда аёллар тадбиркорлиги ва оилавий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Оқолтин туманида ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларга туман хотин-қизлар қўмитаси, АТ “Агробанк” Оқолтин туман филиали, туман “Тадбиркор аёл” уюшмаси томонидан амалий ёрдам берилмоқда. Хусусан энди иш бошлаётган хотин-қизларга тадбиркорликни ўргатиш мақсадида турли ўқув курсларида бизнесни юритиш (бизнес режа тузиш, бухгалтерия, маркетинг, менежмент, фермер ва деҳқон хўжалигини бошқариш), молиявий саводхонлик (кредит олиш тартиби), қандолатчилик, гиламдўзлик каби йўналишларда билим ва кўникмалар берилмоқда.
Етакчилик салоҳиятига эга, молиявий имкониятлари кенг аёлларга эса ўз тадбиркорлик малакасини оширишга, меҳнат бозоридаги мавқеини юксалтиришга, шунингдек, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишга ва халқаро кўргазмаларга иштирок этишига кўмаклашилмоқда.
Маълумки, “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қартилган чора-тадбирлар Дастури”нинг IV-бўлими, 26-бандида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли” танловининг маҳаллалараро, туман босқичларини ўтказиш вазифаси белгиланган.
Шу боис танловнинг маҳаллалараро босқичлари ўтказилиб, даъвогарларни саралаб, лойиҳаларининг долзарблиги, энг аввало маҳалла аёлларини тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этишни рағбатлантириш ва оила даромадларини кўпайтириш, уларни иш билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни тадбиқ этиш каби омилларга эътибор қаратилди.
Ҳар бир маҳаллалардаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида танлов Низоми асосида ҳар бир маҳалладан биттадан энг яхши деб топилган бизнес лойиҳа туман ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб чиқилди.
Оқолтин туманида ўтказилган “Маҳалланинг энг яхши тадбиркор аёли” – 2016 йил кўрик-танловида “Ишлаб чиқариш борасида маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли” номинациясига ҳунарманд Маҳлиё Мамарозиқова, “Сервис соҳасида маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли” номинациясига тадбиркор Лола Темирова, “Қишлоқ хўжалиги сохасида маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли” номинациясига фермер Ҳимоят Эралиеваларнинг бизнес лойиҳалари муносиб деб топилди.
Шунингдек, кўрик-танлов якунида тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларига маҳаллада истиқомат қилаётган ишсиз аёллар, чет давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган аёллар, коллежни битирган ҳозирги кунда вақтинча ишсиз битирувчи қизларнинг рўйхатларини тўлиқ шакллантириш, ўз тадбиркорликларини бошлаш ниятида бўлган аёллар билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб, уларга тижорат банкларидан кредит олишлари борасида тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш борасидаги тушунтириш ишларини янада кучайтириш ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Маслаҳат марказ”лари томонидан фуқароларга тегишли тафвсияларни беришни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.
Х.Примқулова Оқолтин туман хотин-қизлар қўмитатаси бош мутахассиси