Click to listen highlighted text!

“ТАДБИРКОР ҚИЗНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЛОЙИҲАСИ-2016”

        Гулистонда ана шу номдаги кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Кўрик-танловда 22 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизлари учта – “Қишлоқ хўжалигидаги энг яхши лойиҳа”, “Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа” ва “Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа” йўналишлари бўйича ўз лойиҳалари билан иштирок этдилар.

          -Ушбу кўрик-танловнинг туман ва шаҳар босқичларида  115 нафар тадбиркор бўлиш, ўз бизнесини очиш ва оёққа туриб олиб, яқинлари ва тенгдошлари учун иш ўрни яратиш истагида бўлган қизлар қатнашган эдилар. Уларнинг лойиҳалари жойлардаги туман-шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари,  Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармасининг туман  ва шаҳарлардаги “Ягона ойна” ходимлари, тижорат банклар ва касаба уюшмалари, “Тадбиркор аёл” уюшмаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона кўриб чиқилди ва сараланиб,  вилоят босқичига тақдим этилди, – дейди вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар масалалари бўйича котибият мудири Наргиза Тожибоева.

          Қизлар лойиҳаларни тақдимот қилганларида залда ўтирган томошабинлар уларнинг кўпчилиги ўзига хос  ғоялар асосида ишланганлигига гувоҳ бўлдилар. Хусусан, “Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг яхши лойиҳа” йўналишида иштирок этган Ховос туманилик Зарнигор Сангилованинг беданачилик борасидаги лойиҳаси кўпчиликка манзур келди. Айниқса, Зарнигор бедана тухумлари учун инкубаторни физикадан дарс берувчи дадаси Раззоқберди ака ясаганини айтганида томошабинлар қарсак чалиб юбордилар.

     Меваларни қуритиб, экспорт қилишга мўлжалланган Ховос туманилик Дилзебо Хасанованинг лойиҳаси ҳам ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек,  “Сервис соҳасида энг яхши лойиҳа” йўналишида Сардоба туманилик Мафтуна Рустамованинг туманда “Гўзаллик салони” очиш ва 10 га яқин ўзининг тенгдошларини иш билан таъминлаш борасидаги лойиҳаси ҳам энг яхши лойиҳалар қаторида эътироф этилди.

      Ушбу уч нафар қиз  кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритишди.

         “Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа” йўналишида иштирок этган, 15 млн сўм кредит олиб, ўзи ва оила аъзоларини иш билан таъминлаган  Боёвут туманилик Фарангиз Маматқулова  вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг совғасига сазовор бўлди.

       – Ростини айтсам, тадбиркорлик соҳасига шиддат билан кириб келаётган тенгдош дугоналарим кўп эканидан ҳам хурсанд бўлдим, ҳам шошиб қолдим, – дейди Фарангиз. – Уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, тақдимотларини томоша қилиб, ўзим учун керакли, қимматли маълумотлар олдим. Тадбир ташкилотчиларига, айниқса, менинг лойиҳамни қўллаб-қувватлаган касаба уюшмаларига ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман.

     Тадбир сўнгида сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилшода Ҳайдарова тадбиркор ва ишбилармон қизларга юксак ишонч билдириб, бугунги кунда улар учун яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиш кераклигини, кичик бизнес ва тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўз ишларини бошлаш учун қизларимиз давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига асосан тегишли ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланишини айтиб, уларга муваффақиятлар тилади.

                               Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!