ЯНГИ БИНО ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Гулистон шаҳрида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Сирдарё вилояти бошқармаси, Гулистон шаҳар бўлими, Бош ҳамда Гулистон туманлараро ТМЭКлар учун янги уч қаватли бино фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари М.Зиёдуллаев, вилоят ҳокими ўринбосари Б.Бўронов ҳамда вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” хайрия жамғармаси ҳамда тегишли вилоят ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, тизимда ишлаётган ходимлар қатнашдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар, янги бунёд этилган ушбу замонавий Пенсия жамғармаси биноси тўлиқ жиҳозланганлиги, коммуникация ва локал тармоқ тизимлар билан таъминланганлиги, бино ичида пенсионерлар учун яратилган қулайликлар, уларга кўрсатилаётган хизматлар замонавий веб-технологияларни қўллаш асосида ишлаб чиқилган автоматлаштирилган ПК “Пенсия” дастури ёрдамида амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтдилар.
– Янги уч қаватли бино хоналари энг замонавий жиҳоз ва техника воситалари билан таъминланган, – дейди Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошланғич касаба уюшма раиси Анваржон Қосимов. – Бу эса фуқаролар мурожаатларининг ўз муддатида кўриб чиқилиши, уларнинг вақтини тежаш учун катта қулайлик яратади.
Очилиш маросимига ташриф буюрган кексалар янги бинода яратилган шароитларни кўриб, юртимиз раҳбариятини дуо қилдилар ҳамда шу бахтиёр кунларга етказганига шукроналар келтирдилар.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
“Ishonch” мухбири